Қозоғистон жон бошига тўғри келадиган ЯИМ бўйича Россияни ортда қолдирди
Мамлакат бу кўрсаткич бўйича МДҲда биринчи ўринни эгаллади
Қозоғистон илк бор МДҲ давлатлари орасида жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича етакчи ўринни эгаллади. Шу тариқа у Россияни ортда қолдирди. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) эълон қилган маълумотларда келтирилган.
Жон бошига тўғри келадиган ЯИМ — бу мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажмини аҳоли сонига нисбатан ҳисоблайдиган кўрсаткичдир. У кўпинча давлатларнинг иқтисодий ривожланиш даражасини солиштиришда қўлланилади.
ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Қозоғистонда жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 14,77 минг долларни, Россияда эса 14,26 минг долларни, Туркманистонда эса 13,34 минг долларни ташкил қилади.
Бу борада постсовет мамлакатлари орасида етакчилар эса Балтика давлатлари бўлиб қолмоқда: Эстония — 32,76 минг доллар, Латвия — 30,84 минг доллар, Литва — 24,37 минг доллар.
2024 йилда эса жон бошига ЯИМ Россияда — 14,79 минг доллар, Қозоғистонда — 14,15 минг доллар, Эстония, Латвия ва Литвада мос равишда 31,17, 23,24 ва 29,34 минг доллар бўлган.
