Қирғизистон президенти дам олиш масканини яна чиқиндилардан тозалади

Қирғизистон президенти дам олиш масканини яна чиқиндилардан тозалади

Садир Жапаров табиат қўйнида дам олувчиларни чиқиндиларни йиғиштиришга чақирди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз департаменти ҳамда аппарат раҳбарияти ва ходимлари билан биргаликда «Теплые Ключи» тиббиёт-соғломлаштириш мажмуаси ҳудудида Бутунжаҳон тозалик кунига бағишлаб ўтказилган шанбаликда иштирок этди.

Шанбалик иштирокчилари мажмуа ҳудудини тозалаш ва ободонлаштириш ишларини бажарди. Садир Жапаров ходимлар билан суҳбатлашди ва барча қирғизистонликларни мамлакатда тозалик ва тартибни сақлашга чақирди.

«Агар биз кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга ва иқтисодиётни ривожлантиришга интилсак, ўзимиздан бошлашимиз керак. Тозалик бу — атрофимиздаги оламга ва ўзимизга бўлган муносабатимиз кўрсаткичи. Ҳар бир дам олувчи ўзидан кейин чиқинди йиғиши керак. Биз бир кун билан яшамаслигимиз керак, фарзандларимизга нима қолдираётганимиз ҳақида ўйлашимиз лозим», деди президент.

Садир Жапаров Қирғизистоннинг ҳар бир гўшасида, хоҳ шаҳарми, хоҳ қишлоқми, ободончилик, озодалик бўлиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, фуқароларни атрофдаги чиқиндиларга бефарқ қарамасликка чақирди.

«Агар чиқиндини кўрсангиз, уни тўпланг ва энг яқин ахлат қутисига олиб боринг, бу бизни масъулиятли ва ғамхўр фуқароларга айлантиради»,
деди у.

Президент ёш авлодни атроф-муҳитга масъулият ва ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳимлигига эътибор қаратиб, болаларни атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатишнинг энг яхши йўли катталарнинг шахсий намунаси эканини таъкидлади.

«Тозалик ва тартибни сақлаш нафақат мутасаддиларнинг, балки ҳар бир фуқаронинг вазифасидир», деб хулоса қилди Жапаров.

Қирғизистон президенти атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалаш тадбирида биринчи марта иштирок этаётгани йўқ. Аввалроқ, у тоғларда сайёҳлар ташлаб кетган чиқиндиларни йиғиб, юртдошларини табиатни асрашга чақирган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!