Қашқадарё ҳокими Саида Мирзиёева эътибор қаратган муаммони назоратга олди

Қашқадарё ҳокими Саида Мирзиёева эътибор қаратган муаммони назоратга олди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят “Журналистлар уйи” биносининг ачинарли аҳволга келиб қолганлиги ҳақида хабар эълон қилинди.

Мазкур ҳолатга нисбатан вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди:

Унга кўра, Қарши шаҳрида жойлашган “Журналистлар уйи”нинг таъмирлаш ишлар охирига етмай қолганлиги бўйича маълумот вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаевга маълум қилинган.

Бу масалада вилоят ҳокими жорий йилнинг 18 ноябрь куни масъуллар билан йиғилиш ўтказиб, тегишли топшириқларни берган.

Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари С.Азизов ва вилоят молия бошқармаси бошлиғи Ф.Юсуповларга таъмирлаш ишларини тез орада якунлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари Д.Аллаевга қурилиш якунига етганидан сўнг журналист ва мухбирларни очиқ ва шаффоф усулда бинога жойлаштириш бўйича вилоят ҳокимига таклиф киритиши белгиланган.

Шунингдек, вилоят ҳокими юқоридаги масала бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи У.Нусуров билан ҳам учрашиб, муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қилаётганлигини, вилоятнинг журналист ва ижодкорлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича бир қатор режалари борлигини ҳам маълум қилган.   

Вилоят ҳокими ўринбосари С.Азизовнинг маълум қилишича, бинога ҳозиргача 1 миллиард 300 миллион сўм сарфланган. Аммо,таъмирлаш ишларини якунлаш учун яна қўшимча маблағ зарур. Ушбу маблағ масаласи ҳал этилиши билан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади. 

Маълумот учун, АОКА раҳбари ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам шу масалага эътибор қаратган, "Ачинарли аҳволга тушиб қолган Қашқадарё вилояти Журналистлар уйи биноси, умид қиламизки, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан тез фурсатда бартараф этилади. Биз ҳам унинг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этиб, баҳонада вилоят журналист ва блогерлари билан учрашишга тайёрмиз", деб ёзиб қолдирганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!