Қаршида хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузган такси ҳайдовчилари марказий кўчани тўсиб қўйди

Қаршида хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузган такси ҳайдовчилари марказий кўчани тўсиб қўйди

Такси ҳайдовчилари хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб масъулларга мурожаат билан чиқишган.

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида хавфсизлик камари бўйича қоидабузарликларни қайд этувчи камера фаолиятидан норози бўлган ҳайдовчилар кўчани тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, бугун, 2022 йил 26 май куни соат тахминан 14:00 ларда Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган Транспорт коллежи рўпарасида, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчилари норозилик билдириб, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб, масъулларга мурожаат билан чиқишган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишларини сўраб қоламиз», дейилади муносабатда.

Муносабатда айтилишича, 2022 йил 14 май куни Ислом Каримов кўчасида «Лочин кўз-Қ» дастури асосида камералар ўрнатилган ва улар орқали хавфсизлик камари қоидабузарликларини аниқлаш ишга туширилган. Бу ҳақда ўз вақтида Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий саҳифаси ҳамда бошқа ижтимоий тармоқлар орқали маълумот берилган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 12-апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 9-бандида янги норма киритилган бўлиб, унда «Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт»лиги белгиланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!