Қандай қилиб ТДЮУда абитуриентларнинг 400дан зиёди максимал балл олган? ДТМ баллар юқори бўлиб кетганига изоҳ берди

Қандай қилиб ТДЮУда абитуриентларнинг 400дан зиёди максимал балл олган? ДТМ баллар юқори бўлиб кетганига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқда Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширган 400 нафардан зиёд абитуриент энг юқори - 189 балл тўплагани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, бу йил юридик университетга қабул квотаси бўйича ҳар бир факультетга 150тадан ўрин берилган - бир факультетга ҳужжат топширган 400дан зиёд абитуриент максимал балл олган. Телеграмдаги каналлардан бирида эълон қилинган хабарда кириш имтиҳонларининг саволлари ва жавоблари кўчада сотилгани ҳақида гап боради.

Давлат тест маркази жорий йилда максимал балл олган абитуриентлар сони кўпайгани юзасидан расмий баёнот берди.

«2020-2021-ўқув йилида ўтказилган давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1 240 614 (95,1 фоиз) нафар абитуриент иштирок этди. Улар орасида максимал балл (189 балл) олганлар ҳам кўп кузатилди. Буни баъзи ижтимоий тармоқларда бир ёқлама талқин қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда ҳолатга аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Бўлиб ўтган тест синовлари натижаларини таҳлил қилиш давомида максимал балл олган абитуриентлар сони аввалги йилларга қараганда кўпайганлиги аниқланди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Маълумки, мамлакатимизда пандемия шароитида жорий этилган карантин чекловлари даврида бошқа соҳалар каби таълимда ҳам, жумладан, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул тест синовларига тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва абитуриентларнинг пухта тайёргарлик кўришларида мураккаб вазиятлар юзага келди.

Ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ва абитуриентларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз раҳбарлигида, Президент Aдминистрацияси ва Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган бир қатор йиғилишларда кириш имтиҳонларини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди ҳамда муҳим қарорлар қабул қилинди. Шулардан келиб чиқиб, кириш имтиҳонлари жараёнида абитуриентлар учун янада кенг имкониятлар яратилди», дейилади маълумотда.

Ташкилот балл юқори бўлган омилларни санаб ўтган:

  • 2019 йилдан бошлаб умумтаълим фанларидан тест саволлари тўплами нашр этилди ва ушбу тўпламда ишлатилган саволлар базасининг 20 фоизидан кўпроғи кириш тест жараёнларида фойдаланилди;
  • Телеграм тармоғида e-sinov тизимидан абитуриентларга бепул фойдаланиш имконияти яратилди (тест синовларига қадар 1,4 миллиондан ортиқ абитуриент ушбу хизматдан бепул фойдаланган);
  • Тест топшириқлари соддалаштирилди. Бунда авваллари қўлланган 4-даража қийинликдаги (энг қийин) саволлар умуман олиб ташланди, бу йил улар ишлатилмади, 3-даражали саволлар сони камайтирилди ва 1-даражали саволлар сони тегишли равишда оширилди (12та савол – 1 даражали, 12та савол – 2 даражали, 6та савол – 3 даражали). Шунингдек, барча умумтаълим фанлари бўйича назарий саволларнинг сони кўпайтирилди, ўқув-лаборатория машғулотларига оид, расмли, харитали ва жадвалли тест топшириқлари сони оширилди;
  • Миллий ва халқаро сертификатларнинг тегишли даражасига, пандемия даврида ишлаб чиқилган IELTS indicator сертификатига эга бўлган абитуриентлар учун ҳам максимал балл бериш белгиланди;
  • Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази томонидан абитуриентларнинг тест синовларига пухта тайёргарлик кўришлари учун «Онлайн репетитор» теледастурлари мунтазам эфирга узатилди;
  • Жорий йил учун истисно тариқасида тест синови топшириладиган 5та фандан 2та мутахассислик фани қолдирилди;
  • Ҳар бир тўғри деб топилган жавобга балл бериш тизими ўзгартирилиб, биринчи ва иккинчи фан учун мос равишда 3,2 ҳамда 3,1 баллдан берилди, олдинги йиллардаги каби 1,1 балл бериш қўлланмади;
  • Тест синовларини топшириш учун ажратилган вақт меъёри оширилиб, амалдаги тартибда кўрсатилган 2 соат ўрнига 3 соат этиб белгиланди.

ДТМ ТДЮУдаги ҳолат бўйича тўхталмаган - 150 ўрин учун даъвогар бўлган 400 нафардан зиёд абитуриент бир хилда балл тўплагани тасдиқланмаган ва рад этилмаган, шунингдек, бундай вазиятда қандай чора кўрилишига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2–13 сентябрь кунлари республика бўйича кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унда 1,5 миллионга яқин абитуриент ОТМлардаги 140 мингга яқин ўрин учун курашди.

Тана ҳарорати юқорилиги аниқлангани учун имтиҳонларга киритилмаган абитуриентлар учун 17 сентябрь куни алоҳида имтиҳон ташкиллаштириб берилди.

18 сентябрь кунидан натижалар умумлаштирилиб, тартиблаш ишлари бошланган.

24 сентябргача бўлган вақтда танлов натижалари, яъни абитуриентларнинг талабаликка қабул қилингани ҳақидаги натижаларни эълон қилиш режалаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!