Қадимий Бақтрия артефактлари Буюк Британиядан Тошкентга олиб келинди
Буюк Британиядан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси учун Қадимги Бақтрияга оид ноёб артефактлар келтирилди. Бу ташаббус президент Шавкат Мирзиёвга тегишли. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати маълум қилди.
Улар Марказий Осиё ҳудудида исломдан минг йиллар аввал ҳам юксак маданий, бадиий ва маънавий муҳит шаклланганини намоён этади.
Қадимги Бақтрия цивилизацияси милоддан аввалги III–II минг йилликларга тааллуқли бўлиб, ҳозирги Афғонистон шимоли, Тожикистон жануби ва Ўзбекистон жанубини қамраб олган.
Археологияда бу ҳудуд “Бақтрия–Марғиёна археологик комплекси” ёки “Окс цивилизацияси” номи билан ҳам маълум. Амударё ва унинг ирмоқлари атрофида суғорма деҳқончилик, ўтроқ турмуш тарзи, қишлоқ ва шаҳарлар, ҳунармандчилик ва заргарлик анъаналари шаклланган.
Экспозицияда айнан шу даврнинг юксак маданиятини намоён этувчи артефактлар тақдим этилмоқда.
Олтин билагузуклар
Соф олтиндан ясалган билагузуклар ақиқ, феруза ва лочинтош каби ярим қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Улар зеб-зийнат буюми билан бирга ижтимоий мақом, қудрат ва фаровонлик рамзи ҳисобланган.
Маржон ва бўйин тақинчоқлари
Олтин найча шаклидаги мунчоқлар, лочинтош, ақиқ ва ферузанинг уйғунлиги Бақтрия заргарлик санъатининг юксак даражасини кўрсатади. Бу тақинчоқлар қадимда эстетик қиймат билан бирга маросимий ва руҳий аҳамиятга эга бўлган.
Олтин пичоқ қини
Милоддан аввалги IV асрга оид ушбу ноёб экспонат Аҳамонийлар даври ва Искандар Македонский юришлари билан боғлиқ тарихий жараёнларни акс эттиради. Қин юзасидаги ҳайвонлар ва афсонавий образлар сак, суғд ва бақтрия санъати анъаналарининг уйғунлигини намоён қилади.


