Қабристонни зиёрат қилиш одоби

Қабристонни зиёрат қилиш одоби

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлим насиҳат олиш учун етарлиҳодисадир”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Қабристонга зиёрат учун борганда қуйидагиларга эътибор бериш лозим. Биринчи бўлиб  салом бериб, хоксорлик билан қабристонга кирилади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизга салом, эй қабристон аҳллари”, деганлар.

Ўтганларнинг қабрларни зиёрат қилиш, марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуои хайрлар қилиш динимизда рухсат берилган амал бўлиб, майитлар учун фойдаси бор. Расулуллоҳ (с.а.в.):  “Сизларга қабрлар зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверингиз, зеро у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).  Агар биз, ўтган аждодларимиз руҳларини шодлантириш учун хотирласак, фарзандларимиз бундан яхши ибрат олиб, вақти келганда улар ҳам бизларни шундай хотирлаб, дуода бўлишади. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Агар, бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақтгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёҳуд ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”, (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, қабристонга зиёрат учун борган киши тоҳоратли бўлиши, миллатимиз ва динимизга муносиб кийимда бўлиши, ортиқча ва ношаръий гапларни гапирмаслиги, нос ва тамаки чекмаслиги, қабрларни босиб юрмаслиги шарт. Имкон бўлса қабристоннинг қибла томонига ўтиб, орқани қиблага қилиб, қабр аҳлига юзма-юз туриб тиловат ва дуо қилиш лозим бўлади. Демак, қабристонга борганлар у ерда ётган марҳумларни ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек бу дунёда яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда ўша амалларига яраша бир қадар Аллоҳ таолонинг ажри ёки уқубатига дохил бўлган ҳолда ётурлар. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди. Ўтиб кетган марҳумларнинг яхши сифатларини эслаш бизнинг бурчимиздир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Азиз авлиёларнинг мақбараларини ва яқинларимизнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш динимизда савобли ишлардан саналади. Аммо зиёрат пайтида шариат кўрсатмасига зид амалларни қилмаслик лозим. Масалан авлиёларнинг мозорига борганда атрофини айланмайди ва ундан мадад сўрамайди. Чунки тавоф фақат хонаи Каъбада бўлади, мозорларда эса одоб билан бориб, тиловат ва дуо қилиб, савобини шу қабр соҳибининг руҳига бағишлайди. Мададни эса Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрайди. Инсонлар фақат Аллоҳгагина ибодат қиладилар, сиғинадилар ва Унинг Ўзидангина ёрдам кутадилар. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Қуръони Каримда: “ Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа сураси, 4-оят), деб таълим берилган. Бундан шу нарса маълум бўладиким, ҳар бир зиёрат этувчи киши қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўрамайди. Ҳар қандай ҳожатларни раво этишни бевосита фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрайди. Қабрларга шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш, қабр устига ўтириш, қабр рўпарасида намоз ўқиш мумкин эмас.

Қабр йўқолмаслиги учун устига мўъжаз тош ёки тахтада номларини ёзиб қўйиш жоиз. Аммо дабдабали қилиб, ёзувларни кўпайтириб, суратларни чизиб қиммат баҳо тошларни ўрнатиш ва атрофни панжара қилиш мутлақо мумкин эмас ва исроф ҳам саналади.

Динимизда қабристонларни обод қилиш, ўсимликлар экиш яхши амаллардан ҳисобланади. Лекин мевали дарахтлар экиш, уларнинг мевасидан истеъмол қилиш, қабристонда чорва молларини ўтлатиш жоиз эмас.

Аллоҳ таоло ўтганларимизнинг руҳларини шод ва охиратларини обод айласин.

Manba: muslim.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!