Поп туманида вояга етмаган ўғри судланди

Поп туманида вояга етмаган ўғри судланди

Маълумки, фарзанд тарбиясида, айниқса, ўғил бола тарбиясида мўътадил оилавий муҳит ва отанинг ўрни муҳим ҳисобланади. Чунки айнан ота орқали ўғлига ҳалоллик, меҳнатсеварлик кўпроқ сингади. Инсон ҳаётда афсус-надомат ичида яшаши унинг ниятига, қолаверса, нафс амрига бўйсуниш-бўйсунмаслигига боғлиқ экани барчамизга аён.

Афсуски, 15 ёшли Озод Ҳомидов (исм-шариф ўзгартирилган) ҳам вояга етмагани бир ҳолда ўғриликка қўл урди.

Судланувчи вояга етмаган О.Ҳомидов 21 ноябрьга ўтар кечаси Поп тумани, “Ғурумсарой” МФЙ ҳудудида жойлашган савдо дўконларидан бирига ғайриқонуний равишда кириб, баҳоси 19.020.000 сўмлик беш дона турли русумдаги уяли телефон аппаратларини яширин равишда талон-торож қилган.

Бундан ташқари, вояга етмаган О.Ҳомидов такроран 11 декабрга ўтар кечаси Поп тумани, “Ғурумсарой” МФЙ ҳудудида жойлашган савдо дўконига ғайриқонуний равишда кириб, баҳоси 40.790.400 сўмлик йигирма бир дона турли русумдаги уяли телефон аппаратларини яширин равишда талон-торож қилган.

Вояга етмай туриб, жиноятчига айланган йигитнинг тақдирига ва юриш-туришига нафақат унинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, ҳудуд профилактика инс­пекторининг лоқайдлиги ҳар қандай кишини ўйлантириб қўяди.

Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячи фикрини, Қонуний вакил Н.Ботировнинг иштирокида судланувчи О.Ҳомидовни, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, О.Ҳомидовни жиноят содир этганликдаги айбли деб топиб қонун санкциясида кўрсатилган озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Шунингдек, суд ҳукмига биноан судланувчининг озодликни чеклаш жазосини ижро этиш Поп туман ИИБ зиммасига юклатилиб, ўқиш жойидаги Поп туман ХТБга қарашли умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари жамоат тарбиячиси этиб тайинланди.

Дилмурод Мадаминов,

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!