Пиёз нархи яна ошадими?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда эртапишар пиёз нархи қимматлашгани юзасидан бир қатор хабар ва янгиликлар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йил май-июнь ойларида пиёзнинг нархи 500-1000 сўмга тушиб кетгани сабабли жорий йилда Жиззахда 5 минг гектар, Навоийда 6,7 минг гектар, Наманганда 8,4 минг гектар, Самарқандда 14 минг гектар, Сурхондарёда 2,6 минг гектар, Сирдарёда 2,8 минг гектар, Тошкентда 2,6 минг гектар, Хоразмда 7,6 минг гектар кам пиёз экилган.
Шунга қарамасдан, республикамизда жорий йил жами 1 412 минг тонна пиёз етиштирилиши кутилмоқда. Бу ўтган 2024 йилга нисбатан 12 минг тоннага кўп.
Таққослаш учун 2024 йил 1 апрелда янги пиёз нархи 5-6 минг сўмни ташкил этган бўлса, 7 апрелда пиёз нархи 3-3,5 минг сўмгача тушган. Жорий йил 1 апрелда янги пиёз 7-8 минг сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кун ҳолатига нарх 4-5 минг сўмгача арзонлашган.
Шунингдек, 2024 йил ҳосилдан захирага олинган 121 минг тонна пиёзнинг 75 минг тоннаси шу кунгача ички истеъмол бозорига савдога чиқарилган, қолган 46 минг тонна пиёз бугунги кунда 2-3 минг сўмдан сотилмоқда. Пишиш даврига қараб жорий йилнинг 15 апрелидан пиёз нархи 2-2,5 минг сўмгача арзонлашиши кутилмоқда. Бундан ташқари, апрель ойининг 2-3-декадалари 70 минг тонна, май ойида эса 90 минг тоннадан ортиқ пиёз пишиб етилиши кутилмоқда.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, ҳар бир мавсумда қишлоқ хўжалиги экинларининг илк етилган палласида нархлар ошиши кузатилади. Аммо бу вақтинча ҳолат саналади.
Баъзи ҳудудларда деҳқонлар одатдагидан ортиқ маблағ талаб этувчи инновацион агротехник тадбирларни қўллаш орқали ўз маҳсулотини одатдагидан 10-15 кун аввал етиштириб бозорга чиқариши ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг ўзига хослигини келтириб чиқариш билан бирга, бозор тамойилларига мувофиқ нарх белгиланишига омил бўлади.