Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”и инглиз тилида чоп этилди

Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”и инглиз тилида чоп этилди

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб "Юлдузли тунлар" романи инглиз тилига таржима қилиниб, Франциянинг "Nouveau Monde Editions" нашриётида чоп этилди.

Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган тарихий асар таржимаси Ислом Каримов фонди лойиҳаси доирасида амалга оширилган.

Ислом Каримов фонди хабарига кўра, романни британиялик адабиётшунос Керол Ермакова инглиз тилига ўгирган. Ўзбекистон халқ рассоми Бобур Исмоилов нашр учун суратлар ишлаган. "Babur: Starry Nights" Ислом Каримов фондининг 6 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ўн олтинчи ноширлик лойиҳаси экани хабар қилинган.

"Асарнинг инглизча нашри кенг халқаро аудиторияни ўлкамизнинг буюк алломалари кечмишига ошно этиб, Шарқнинг тарихий ва маданий ришталарини ўрганиш ҳамда чуқур англашга илҳомлантиради деган умиддамиз", – дейди Фонд Васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тиллаева.

Тарихий романчиликда мактаб яратган адиб Пиримқул Қодиров "Юлдузли тунлар"ни 1972-йилда ёзиб тугатган. Аммо асар шўро мафкурачилари тазйиқи боис чоп этилмаган.

Кейинроқ кўп минг ададда нашр қилинган роман муаллифга улкан шуҳрат келтирди. Ўшандан бери "Юлдузли тунлар" ўзбек ва рус тилларида қайта-қайта нашр этилиб келинмоқда. Шунингдек, роман ҳинд, япон, урду, турк, қозоқ, уйғур, туркман каби тилларга таржима қилинган.

Ушбу асар китобхонларга XV-XVI асрларда Марказий Осиё ва Ҳиндистонда кечган тарихий воқеалар билан яқиндан танишиш имконини беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!