"Phoenix Weekly": Ўзбекистон 2024 йилда дунёдаги энг яхши сайёҳлик йўналишларидан бири деб топилди

"Phoenix Weekly": Ўзбекистон 2024 йилда дунёдаги энг яхши сайёҳлик йўналишларидан бири деб топилди

Хитойнинг оммабоп "Phoenix Weekly" журналида "Ўзбекистон: Ипак йўли дурдонаси" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон дунёнинг машҳур сайёҳлик масканига айланиб бормоқда. Нуфузли саёҳат журнали "Lonely Planet" томонидан Ўзбекистон 2024 йилда дунёдаги энг яхши сайёҳлик йўналишларидан бири деб топилди.

Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлари сайёҳлар учун энг машҳур йўналишлардир. Бу ерда сайёҳлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

"Самарқанд Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар бўлиб, 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Унинг қулай жойлашуви Ипак йўлининг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшган. 2001 йилда Самарқанд ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, – дейилади мақолада. – Самарқандда жойлашган Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа кўплаб диққатга сазовор жойлар дунё сайёҳларининг эътиборини ўзига жалб қилиб келмоқда".

Яна бир тарихий шаҳар бўлган Бухоро ўзига хос меъморчилик услубида барпо этилган. Шаҳар марказида жойлашган Калон минораси жуда чиройли ва сайёҳлар бориб кўрадиган машҳур жойдир.

"Айни пайтда Ўзбекистон Хитойнинг сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда туризмни ривожлантириш устида ишламоқда. 2020 йилда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хитойлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун хитой тилида сўзлаша оладиган гидлар ва Хитой таомларини тайёрлашни ўргатишга ихтисослашган "Ипак йўли" туризм халқаро университети ташкил этилди", – дея таъкидлаган "Phoenix Weekly".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!