Паррандачиликка хориж технологиялари жалб этилади

Паррандачиликка хориж технологиялари жалб этилади

Паррандасаноат уюшмаси томонидан Жанубий Кореянинг Detox King Co. Ltd. компанияси билан ҳамкорликда Антибиотикларнинг ўрнини босувчи юқори функционал минерал озуқа қўшимчалари ҳамда Парранда етиштиришда илғор технологиялар мавзуларида амалий семинар ташкил этилди.

Мамлакатимизда паррандачилик маҳсулотлари ва парранда чиқиндиларини қайта ишлашни тизимли йўлга қўйиш, экспортни кучайтириш, парранданинг ноёб турларини етиштиришни оммалаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бунда соҳага хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, инновацион ишланмаларни жорий этиш, умуман, ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда замонавий паррандачилик кластерларини барпо этиш вазифалари устуворлик касб этмоқда.

Семинарда томонлар республикамизда паррандачиликни ривожлантириш мақсадида яратилган ушбу қулай шароитлар, ишлаб чиқилган дастурлар аҳамияти, инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзлар хусусида фикр юритди.

Таъкидлаш жоиз, юртимизда рақобатдош парранда маҳсулотларини ишлаб чиқариш, истеъмол бозорини барқарор ва мақбул нархларда ана шундай озиқ-овқат тури билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, тармоқ корхоналари учун қатор имтиёзлар тақдим этилди, масъул ташкилот ва муассасалар фаолиятида самарали механизм яратилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан паррандачилик корхоналари учун 2021 йил 1 ноябрга қадар импорт қилинаётган озуқа компонентлари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилган. Бундан ташқари, ҳужжатда ишлаб чиқаришнинг муносиб амалиёти (GMP Good Manufacturing Practice) сертификатларига эга бўлган паррандалар учун чет эл вакцина ва биопрепаратлари қўшимча мувофиқлик сертификатларисиз тан олиниши белгилаб қўйилган.

Семинарда хорижий мутахассислар соҳани ривожлантириш йўлидаги ана шу жиҳатларни ҳам юқори баҳолади. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини олиб боришга келишиб олдилар.
Manba: xs. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!