Олтин сотуви Ўзбекистон экспортида катта улушни эгаллашда давом этмоқда

Олтин сотуви Ўзбекистон экспортида катта улушни эгаллашда давом этмоқда

Февралдаги олтин сотуви республиканинг январь—февраль ойларидаги жами экспортидан 36,3 фоизини ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ахборот берди.

Олтин сотуви Ўзбекистон экспортида катта улушга эга. Масалан, жорий йил февраль ойидаги олтин савдоси мамлакатнинг икки ойлик экспорти ҳажмининг 36,3 фоизига тенг бўлди.

Республика 2023 йил январда 1,2 миллиард долларлик олтин экспорт қилган. Жорий йил январда эса олтин сотилмади. Шунинг ҳисобига мамлакат экспорт ҳажми ўтган йилнинг январига нисбатан кескин қисқарди. Яъни 2024 йил январдаги экспорт 1,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг дастлабки ойида бу кўрсаткич 2,1 миллиард доллар бўлган. Йиллик пасайиш қарийб бир миллиард доллар.

Бу йил февралда Ўзбекистон томонидан 1 миллиард 317 миллион 800 минг долларлик олтин экспорти амалга оширилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридаги рақамлардан 135 миллион долларга кўп. Яъни 2023 йилнинг январида 1 миллиард 182 миллион долларлик олтин сотилган, бироқ февралида сотилмаган.

2024 йил январь – февраль ойларида республиканинг умумий экспорти 3 миллиард 631 миллион долларга етган. Шундан 1,3 миллиард доллари олтин сотуви ҳиссасига тўғри келди. 2023 йил январь–февраль ойларида жами экспорт ҳажми 3,2 миллиард доллар бўлган. Шундан 1,2 миллиард доллари олтин ҳисобига тўғри келган. Бу рақам мамлакат икки ойлик умумий экспортининг қарийб 37 фоизига тенг.

Йиллик рақамларга қаралса, 2023 йилда Ўзбекистоннинг жами экспорти ҳажми 24,4 миллиард долларни ташкил этганди. Шундан 33,4 фоизи, яъни 8,1 миллиард доллари олтин экспорти ҳиссасига тўғри келган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўтган йили олтин сотиш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Мамлакат йил давомида қарийб 25 тоннадан ортиқ олтин сотган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!