Оғир касал бўлган фаластинликлар Ғазодан Туркияга олиб келинди

Туркияга даволанишни давом эттириш учун Ғазо секторидан оғир касаллар бўлган махсус самолётлар етиб келди, деб хабар беради Кazinform.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги оғир касал ва ярадор фаластинликларни Ғазо секторидан Туркия тиббиёт муассасаларига олиб ўтиш бўйича ноёб инсонпарварлик саъй-ҳаракатларини амалга оширди.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги интенсив дипломатик ишлар, шунингдек, касал ва урушдан жабр кўрган фаластинликларга тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилиш бўйича кўплаб учрашувлар ўз самарасини берганини қайд этди.
Бундай тадбир биринчи марта амалга оширилмоқда. Ғазо секторидан танланган беморлар Миср орқали олиб кетилиб, Туркияга етказилган. Беморлар Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Ф.Кожа ҳамроҳлигида Туркия Республикаси Президент маъмурияти ва Миллий мудофаа вазирлигига тегишли махсус самолётларда парвоз қилди.
Парвоз чоғида Ғазо секторидан жабрланганлар, жумладан, аёллар ва болалар шундай қарор қабул қилган ТР раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Гуманитар парвоз чоғида ТР Соғлиқни сақлаш вазири Ф.Кожа фаластинликлар билан суҳбат ўтказди ва уларнинг касаллик тарихи билан танишди. Унинг таъкидлашича, бундан буён Туркия томони Ғазо секторидан имкон қадар кўпроқ сурункали касал ва оғир жароҳатланган фаластинликларни Туркияга олиб келиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади.
Ўроқсимон ҳужайрали анемиядан азият чеккан 17 ёшли Маҳмуд Қодир Иброҳим Эбу Неда 10 йилга яқин вақт давомида даволанмоқда. У Ғазо секторидаги Турк-Фаластин дўстлик касалхонасида даволанган. Касалхона ракета ҳужумига учраганида у ва бошқа беморлар у ерда эди. Портлашдан кейин улар нима қилишни билмай қолган. Энди улар Туркияда даволанишларини давом эттирадилар.