Нью-Йоркдаги бойлар учун солиқ ошадими?
Нью-Йорк шаҳри мэри Зоҳран Мамдани йилига 1 миллион доллардан ортиқ даромад олувчи шаҳар аҳолиси учун солиқни икки фоизга оширишни, шунингдек, штат корпоратив солиқ ставкасини оширишни талаб қилди — бу таклифларни у дастлаб сайловолди кампанияси давомида илгари сурган эди.
Бу баёнотни Нью-Йорк шаҳар мэри Зоҳран Мамдани Нью-Йорк штати Сенатининг 2026 йилги бюджет бўйича тингловида айтди.
Унинг сўзларига кўра, шаҳар бюджети тақчиллиги "шаҳар хизматларини қисқартирмасдан, янгиланган даромад ҳисоб-китоблари ва бонусларни ҳисобга олган ҳолда ва жорий йил захираларидан фойдаланмасдан қатъий тежамкорлик сиёсати" орқали 12 миллиард доллардан 7 миллиард долларгача қисқартирилди.
Бюджет тафовутининг камайишига қарамай, Мамдани Нью-Йорк шаҳри "ҳалокат ёқасида" қолмоқда, деди.
"Менимча, энг бадавлат фуқаролар ва энг даромадли корпорациялар ҳамма муносиб ҳаёт кечириши учун бироз кўпроқ ҳисса қўшишлари керак. Шунинг учун мен корпоратив солиқни ошириш билан бир қаторда, энг бадавлат Нью-Йоркликлар учун даромад солиғини 2 фоизга оширишни таклиф қиляпман", деди у.
Мамданининг сўзларига кўра, солиқларнинг икки фоизга ошиши шаҳар бюджети тақчиллигининг деярли ярмини қоплайди.
Шуни таъкидлаш керакки, Мамданининг таклиф қилган ҳар қандай солиқ ўзгаришлари Нью-Йорк штати губернатори, демократ Кети Хочул томонидан тасдиқланиши керак.
