Навоийда Янги йил тадбирига чақирилган 79 ёшли боғча мудираси ЙТҲ оқибатида вафот этди
Навоийда қолдирилган Янги йил тадбирига кетаётган боғча мудиралари Конимех—Зарафшон йўналишидаги автомобиль йўлида йўл транспорт ҳодисасига учраган. Ҳолат кеча, 28 декабрь куни содир бўлган.
Маълум бўлишича, Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси топшириғи билан олис ҳудудлар – Учқудуқ ва Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳридан таълим тизими ходимлари Навоий шаҳрига тадбирга чақирилган.
Тадбирга Зарафшон шаҳридан келаётган 4 нафар боғча мудираси йўлда йўл транспорт ҳодисасига учраган. Улардан бири машина бошқарувида бўлган. Ҳодиса оқибатида бир нафар мудира воқеа жойида вафот этган. Қолган уч киши эса олинган турли тан жароҳатлари натижасида шифохонага ётқизилган. Ҳозирда уларнинг ҳолати яхши экани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Таъкидланишича, 28 декабрь куни соат 10:30 да вилоят “Маънавият ва маърифат” марказида Навоий вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2024 йил якунларига бағишланган тадбири ўтказилиши режалаштирилган.
“Сарҳисоб тадбирида узоқ йиллар таълим соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган, 2024 йилда ютуқларга эришган раҳбар кадрларни, тизимда юқори натижаларга эришган педагог ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида рағбатлантириш ҳам назарда тутилган эди.
Рағбатлантирилувчи раҳбар кадрлар орасида Зарафшон шаҳридаги 3-сон давлат мактабгача таълим муассасаси директори Губина Галина Федоровна ҳам бор бўлган. Йўлда автоҳалокат туфайли Галина Федоровнанинг вафоти муносабати билан тадбир қолдирилганини маълум қиламиз”, дейилади бошқарма муносабатида.
Маълумотларга кўра, Галина Губина 1972 йилдан буён Зарафшон шаҳридаги 3-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори сифатида фаолият юритган.