Алиев: "Озарбайжон менинг кўрсатмам билан Россиянинг ўнта шаҳри билан парвозларни тўхтатди"
Боку-Грозний рейси ҳалокатга учрагач, Озарбайжон Ҳаво Йўллари (AZAL) Россиянинг етти шаҳрига парвозларни тўхтатди, Россия авиакомпанияларининг уч шаҳридан Озарбайжонга парвозлари ҳам тўхтатилди. Бу ҳақда республика президенти Илҳом Алиев AzTV телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Алиевнинг айтишича, самолёт ҳалокатга учрагач, Россия шаҳарлари билан алоқани тўхтатиш ҳақида буйруқ берган. У бу қарорга сабаб сифатида "хавфсизлик муаммоларини" келтирди.
Давлат раҳбари парвозлар қачон тикланиши мумкинлигига аниқлик киритмади. Шу билан бирга, у Грознийга парвозлар умуман амалга оширилмаслигини тан олди.
"Аммо буни ҳаёт кўрсатади ва Россия ҳаво ҳудудининг хавфсизлик масалалари албатта эътиборга олинади", - деди Алиев.
Озарбайжон ва Россиянинг Грозний, Махачқалъа, Сочи, Минерал Води, Владикавказ, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Уфа, Волгоград шаҳарлари ўртасида парвозлар бекор қилинди. Туркманистон ҳаво йўллари, Қозоғистоннинг Qazaq Air, FlyDubai ва Исроилнинг El Al авиакомпаниялари ҳам Россиянинг айрим шаҳарларига парвозлар тўхтатилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.