Ўзбекистонда 2024-йилда газ 129 фоиз, электр 67 фоиз, иссиқ сув 32 фоиз қимматлашди
Ўтган йилда газ ва ток нархи кескин ўсгани инфляцияни 3,6 фоизга ошириб юборган.
Декабрда иссиқ сув нархи 1,4 фоиз, иситиш тизими 1,7 фоиз, электр, газ ва ёнилғининг бошқа турлари 0,1 фоиз кўтарилди.
Ўзбекистонда йиллик ҳисобда энергетика тарифлари рекорд даражада ошириб юборилди.
Жумладан, нархлар 2024-йил декабр ойида 2023-йил декабрдагидан қуйидаги даражаларда қимматлаштирилди:
газ — 129 фоиз;
электр энергияси — 67 фоиз;
иссиқ сув таъминоти — 32,1 фоиз;
иситиш тизими — 36 фоиз.
2024-йилда газ ва ток нархи қимматлашиши йиллик инфляцияни 3,6 фоизга ошириб юборган.
2025-йил 1-апрелдан электр энергияси нархи 24 фоиз, газ 36 фоиз, пропан 25 фоиз, метан 39 фоизга оширилиши белгиланган. Жумладан, электр ва газ нархлари ўсишининг ўзи инфляция даражасини 1,8 фоизгача кўтариб юбориши кутилмоқда.
2019-йилдаги президент фармонида Марказий банкка инфляцияни 2021-йилда 10 фоизга пасайтириш, 2023-йилда эса 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш топширилган. Бироқ фискал ва бошқа қатор омиллар сабаб бу мақсадга эришиш кечикмоқда.