Мирзиёев бошчилигида иқтисодиётни барқарор ўстириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди

Мирзиёев бошчилигида иқтисодиётни барқарор ўстириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва тармоқларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда йирик давлат корхоналарининг харажатларини мақбуллаштириш, энергия ресурсларини тежаш борасида қилинаётган ишлар натижадорлиги атрофлича кўриб чиқилди. Дунё бозоридаги мураккаб шароитда экспорт тушумларини ошириш, корхоналарнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш, дебитор қарздорлигини камайтириш, харажатлар асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Алоҳида эътибор тармоқ ва ҳудудларнинг экспорт имкониятларини тўла ишга солиш масалаларига қаратилди. Бунинг учун тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишда қулай ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини яратиб бериш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари ички бозорда нарх-наво барқарорлиги масаласига алоҳида тўхталиб, кундалик истеъмол товарларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, корхоналарнинг қувватини оширишга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.

Янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳудудлардаги саноат зоналари ҳамда кооперация имкониятларидан кенг фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш кераклиги қайд этилди. Асосий эътиборни қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш, иш ўринларини кўпайтиришга қаратиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!