Мавлид ойини қандай ўтказамиз?

Мавлид ойини қандай ўтказамиз?

Марҳамати кенг ва раҳмати чексиз Аллоҳ исми билан. Аллоҳ таолога сўнгсиз ҳамду сано, жаноб Расулуллоҳга чексиз салоту салом бўлсин.

Якшанба кунидан бошлаб муборак Мавлид ойи – робиъул-аввалнинг 1-куни киради. Бу милодий 2020 йил 18 октябрга тўғри келади.

Бу ойни қандай ўтказсак, Аллоҳ таолонинг ризоси ва муҳаббатига мувофиқ бўлади? Нима билан кунларимиз, тунларимиз ва бутун умримиз савобларга, нурга, файзга тўлади? Ана шу хусусда самимий тавсияларимизни баён этамиз.

Билмоқ лозимки, турли мамлакатларда Мавлид ойи хилма-хил тарзда нишонланади. Айрим ўлкаларда масжидларда ҳазрати Имом Бухорийнинг китоблари, хусусан, ҳазрати Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” китоби шарҳлари ила хатм қилиб чиқилади. Мавлиднинг энг яхшиси ва энг баракотлиси ана шудир. Айрим диёрларда, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам масжидларда ва хонадонларда Мавлиди шариф ўқитиш бир одоб тусини олган. 

Аҳли суннат вал-жамоат олимлари масжидда Мавлиди шариф ўқитиш жоизлигига Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” китобидаги 242-ҳадисни ва ҳазрати Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китобидаги 453, 3212, 3213, 6252-рақамли ҳадисларни далил қилганлар. Шоир Ҳассон ибни Собит розияллоҳу анҳунинг масжид минбарида жаноб Расулуллоҳни мадҳ этиб шеър ўқиганлари ҳақидаги бундай ҳадислар ҳазрати Имом Муслим ва бошқа улуғ муҳддисларнинг китобларида ҳам келган.

Шу билан бирга Мавлид ўқитишга қарши қаттиқ гаплар ҳам айтилган.

Мавлиди шариф ўқилганда қуйидаги мақсадлар бўлиши лозим: 

1. Ўқилган Мавлиднинг маъносини тушуниш, жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак хислатлари, олий васфлари, гўзал ахлоқ ва одобларини ўрганиб, ўрнак олиш. 

2. Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўрганиш ва у зотни ҳақларига лойиқ тарзда тўғри ва яхши таниб олиш. Зотан, бу вожибдир.

3. Кўп саловот айтиш. 

4. Бу мавлид воситасида динда, суннат амалларда, тақво ва яхшиликда собитқадам ва бардавом бўлиш.

Мана шу манфаатлар ҳосил бўлмаса, Мавлид ўқитишдан ҳеч қандай фойда бўлмайди. Қуруқ зиёфатбозлик, тамаъгирлик, олим кишиларнинг вақтини ўлдириш ва бошқа бидъатлар юзага келади, холос.

Севикли дўстларимизга қуйидаги тавсияларни баён қиламиз. 

1. Бу ойда жаноб Пайғамбримиз алайҳиссаломга кўп-кўп саловот айтайлик, токи бир умр кўп саловот айтиш доимий одатимизга айлансин. Масалан, ҳар куни юз марта саловот айтишни доимий вазифа қилиб олайлик. 

2. Ҳазрати Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” китобини бошдан-охир ҳурмат-эътибор билан такрор-такрор ўқийлик. Бу муборак асар таржимаси Тошкентда бир неча марта нашр бўлган. Шу кунларда янги нашри босмадан чиқади.

3. Ҳазрати Шайх Барзанжийнинг Мавлид китоби, ҳазрати Муҳамад Бусирийнинг “Қасидаи бурда”, ҳазрати Йўлдошхўжа Хилватийнинг “Мавлудун-Набий” китобларини маъноларини тушунган ҳолда ўқийлик ва ўқитайлик. Уларнинг шарҳларидан хабардор бўлайлик. 

4. Севикли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак сийратлари ва ҳаётларига оид китобларни, хусусан, Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” китоби, ҳазрати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Оламларга раҳмат пайғамбар” китобини ҳамда Ислом тарихига оид китобларни такрор ва такрор ўқийлик.

 5. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларини ўрганиб, ҳар бир суннатларига ихлос ва муҳаббат билан амал қилишни мусулмонлик бурчимиз деб билайлик.

Аллоҳнинг муҳаббатига, раҳматига, жаннатига ва жамолига фақатгина Ул Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганлар, у зотнинг изларидан юрганлар эришади. Бошқа йўл йўқ.

Шайх Мирзо Аҳмад 

Хушназар Термизий


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!