Масжидлар, черковлар, қасрлар ва муҳташам уйлар: Туркиянинг Мардини ҳақида
Мардин Жануби-Шарқий Анатолия минтақасининг энг қизиқарли ва кўплаб туристлар кўришни орзу қилган шаҳарларидан биридир. Шаҳар ўзининг ўзига хос меъморчилиги ҳамда чуқур тарихи билан маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортади.
Мардин кўп дин ва тилларга мансуб кишилар асрлар давомида тинч-тотув яшаб келаётган заминдир. Турк, араб, курд каби тилларда сўзлашувчи ва бу тилларнинг шевалари билан бирга ўнлаб турли тилларни ишлатадиган халқ бу шаҳарда мусулмон, насроний ёки яҳудий ўлароқ тинч-тотув яшаши мумкин. Бундай маданий тўқималарга эга бўлиш Мардинни цивилизациялар шаҳри тоифасига киритиш имконини берди. Мардин Рим ва Форслар-Сосонийлар ўртасидаги тўқнашувларда қўлма-қўл бўлишига қарамасдан, антик Рим шаҳри сифатида кунимизгача етиб келган. Мардин айни пайтда христиан араблар бўлган сурёнийларнинг Туркияда энг гавжум яшайдиган жойларидан биридир. Сурёнийларнинг диний маркази бўлган Дейрул Заферан манастри Мардинга жуда яқин масофада жойлашган. Мардин Қуддусдан кейинги энг муқаддас шаҳардир.
Эртаклар шаҳри Мардин ҳақида сиз билмаганлар
Мардин қадимдан доимо диққат марказида бўлган шаҳарлардандир. Иқтисодиёти: деҳқончилик, чорвачилик ва савдога асосланган. Мардин узум диёри сифатида ҳам танилган ҳамда бу сифати билан Туркияда биринчи ўринда туради. Кўплаб маданий ва меъморий асарларни ўзида жамлаган Мардин, тарихий ва маданий мавзудаги экскурциялар энг кўп уюштириладиган шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Мардиннинг диққатга сазовор жойлари
Мардин Жануби-Шарқий Анадолу минтақасининг энг диққатга сазовор ва машҳур шаҳарларидан биридир. Маданий саёҳатлар ҳақида гап кетганда, Мардиннинг Мидят тумани эсга тушади. Турли динлар ва тиллар чораҳҳаси сифатида эътироф қилинадиган Мидят, ҳар доим масжидлари, черковлари ва бошқа ўзига хос меъморчилиги билан диққатни тортган.
Туркиянинг аҳоли сони бўйича 26-ўринда турувчи Мардин Сурия билан чегарадош ва ўнта туманга эга. Тахминан 790 минг аҳолига эга Жануби-Шарқий Анатолия минтақасида жойлашган Мардин вилояти ҳақиқий очиқ осмон остидаги музейдир. Унинг атрофи Фурот ва Дажла дарёлари билан ўралган, Диярбакир, Урфа, Батман, Сиирт ва Ширнак вилоятлари билан қўшнидир. Масжидлари, черковлари, қасрлари ва муҳташам уйлари билан умрингизда бир марта ташриф буюришингиз керак бўлган масканлардан биридир.
Мардинга тўйиб саёҳат қилишингиз учун камида 3-4 кун вақт ажратишингиз керак бўлади. Мардин қалъаси биринчи ташриф буюрадиган жойлардан биридир. Кейинчалик Зинсирие мадрасаси ва Улу масжиди кўриш учун рўйхатга киритилиши керак. Марям Она черкови, Мардин музейи ва албатта Мардин уйларини кўриш керак.
Бундан ташқари, ҳозирги кунимизда Мардиндаги ўзига хос уйлар диққатингизни тортади. У ернинг иқлими иссиқ бўлгани сабабли уйларда том бўлмайди. Тошдан қурилган уйларда мутлақо ички ҳовли мавжуд. Инсонлар ёз мавсумида жазирама иссиқ туфайли уйларнинг томига чиқиб ухлайдилар. Торгина кўчаларда машина билан айланиш жуда қийин. Мардин охирги пайтларда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг маконига айланган. Сурия ва Ироқда тинчлик ўрнатилса, Мардин ҳам Туркиянинг туристик масканларидан бирига айланиши кутилмоқда. Ёзги иссиқдан қочиш учун апрель, май, сентябрь ва октябрь ойларида ташриф буюриш мақсадга мувофиқ бўлади.
1. Эртаклар шаҳри Мардинга саёҳат қилиб зерикмайсиз.
2. Мардин Жануби-Шарқий Анадолу минтақасининг энг кўзга кўринган шаҳарларидан бири.
3. Мардин, тарихий ва маданий жиҳатдан ниҳоятда бой шаҳар.
4. Мардин, Туркиянинг энг бой ошхонага эга шаҳарларидан бири ҳисобланади.
5. Мардин узоқ тарихга эга шаҳар ҳисобланади.
Мардинда харид қилиш
Мардин, маҳаллий ҳунармандлар томонидан тайёрланган эсдалик совғалари ва маҳсулотлари билан ўзига тортади. Улардан энг асосийси Мардиннинг табиий совуни ҳисобланади. Мардиннинг ноз-неъматлари орасида қовурилган нўҳотлар, қотирилган нони ва ширин бодомлари муҳим ўрин тутади. Мардиннинг кумуш нақшли буюмлари, турли тақинчоқ, узук, сирға ва бошқа эсдалик совғалари ҳам ҳаридоргир ҳисобланади.Mardinning boy oshxonasi
Мардин ошхонаси ниҳоятда бой маданиятга эга ва шўрвалар ва дўлмалар маҳаллий ошхонанинг ажралмас қисмидир. İчли кўфте ва қовурға дўлмаси Мардин ошхонасининг энг катта бойлигидир. Гўштли таомлар ҳам Мардин ошхонасида муҳим ўрин тутади. Мардин, кабоблари билан ҳам машҳур. Шунингдек Кунефе ширинлиги овқатдан кейин татиб кўриш мумкин бўлган энг нафис ширинликдир.
Мардинга хос, яна бир осон ва энг мазали таомларидан бири бу машҳур пиёз кабобидир. Иккига бўлинган пиёз орасига котлет қўйилган таом печда пиширилади. Хушбўй пиёз ҳиди тўқларни ҳам иштаҳасини қитиқлайди, десак хато бўлмайди. Анор сиропи, зайтун мойи ва лимон суви қўшилган таом завқ билан истеъмол қилинади.
Низомжон Исломов тайёрлади.
