Марғилонда эронлик стартап компанияларини ўз ичига оладиган технопарк лойиҳаси амалга оширилади

Марғилонда эронлик стартап компанияларини ўз ичига оладиган технопарк лойиҳаси амалга оширилади

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокими матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Фарғона вилояти ва Эрон ўртасида ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Фарғона билан Эрон ҳудудлари ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Фарғона вилояти ҳамда Эроннинг Мозандарон вилояти ўртасида биродарлашув алоқаларини ўрнатиш бўйича аввалги келишувларни ҳаётга татбиқ этишни тезлаштириш, Марғилон шаҳрида Эрон сармояси билан эронлик стартап компанияларини ўз ичига оладиган технопарк лойиҳаси амалга оширишни жадаллаштириш борасида келишиб олинди.

Муҳаммад Али Искандарийнинг 27 апрелдан 1 майга қадар Эрон пойтахти Теҳронда бўлиб ўтадиган халқаро Iran Expo кўргазмасига вилоят делегациясини юбориш таклифи ижобий қабул қилинди, вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигидаги расмийлар ва тадбиркорлардан иборат гуруҳ ушбу кўргазмада иштирок этиши билдирилди.

Учрашув давомида фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, озиқ-овқат саноати, заргарлик, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш каби соҳаларда Фарғона вилояти ва Эрон компаниялари ўртасида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Фарғона вилояти ва Эрон ўртасида ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!