“Кемалар қабристони”да фестиваль

“Кемалар қабристони”да фестиваль
Мўйноқ туманида “Centil Law Film”, “TrendSetter”, “Peopletravel” ташкилотлари ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, БМТнинг Тараққиёт Дастури кўмаги билан “Стихия” электрон мусиқий фестивали ўтказилди. Мазкур фестивалга Марказий Осиё давлатларидан, шунингдек, АҚШ, Исроил, Туркия, Франция, Германия, Россия ва Хитой давлатларидан кўплаб сайёҳлар, мусиқа ихлосмандлари иштирок этди.
 
Фестиваль Мўйноқда – “Кемалар қабристони” олдида ташкил қилинди. Турли ранглардаги ёғдулар, мусиқий овозлар денгиз томон йўналтирилди.
 
– Фестивалга кутилганидан ҳам кўпроқ сайёҳлар ташриф буюрди. Яқин давлатлардан велосипедда, мотоциклда келганлари ҳам бор, – дейди “Centil Law Film” ташкилоти ходими Отабек Сулайманов. – Фестивални ўтказишдан мақсад – жаҳон ҳамжамиятининг Орол денгизи муаммосига эътиборини қаратиш. Шунингдек, фестивалда юқори сифатли электрон мусиқани тарғиб қилишга эътибор қаратилган.
 
Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилаётган мазкур фестивалда иштирок этиш бепул бўлиб, кейинги ўтказиладиган фестивалларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун эҳсон тўплашга қаратилади.
 
– Бунақа мусиқий фестивали Марказий Осиё давлатлари ичида илк бор Ўзбекистонда, айнан Мўйноқда ўтказилмоқда, – дейди “Peopletravel” сайёҳлик агентлиги ходими Санжар Холмуродов. – Мазкур тадбир ҳар йили ўтказилиши режалаштирилган. Агар шундай бўлса ҳудудда туризмнинг ривожига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз. Оролни қайтара олмаганимиз ўта ўкинчли. Биз яхши ниятларни кўнгилга туйган ҳолда денгизни сув билан тўлдириш қўлимиздан келмаса ҳам уммон товушлари билан тўлдиришни ният қилганмиз.
 
Тадбирни ёритиш учун хорижий нуфузли медиа ташкилотлар вакиллари ҳам ташриф буюрди.
 
Франциянинг “Cinedoc films” кинокомпанияси продюсери Кристиан Лилиян ҳам фестивалнинг ҳурматли меҳмони. У Оролнинг тўлишидан умидвор эканлигини билдирди.
 
Айни пайтда Кристиан Лилиян Амударё соҳилида яшовчи халқлар ҳақида фильмни тасвирга олмоқда. У Помир тоғидан то Амударёнинг тугаган жойигача дарё соҳилидаги халқлар турмуши билан танишиб келмоқда. Улар орасида дарёдан олтин қидирувчилар, шоли, пахта ва бошқа ўсимликлар экувчилар ҳам бор. Шунингдек, фильм сюжетига Орол денгизида артемия овловчилар турмуши ҳам киритилган.
 
Фестиваль доирасида меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли “Кемалар қабристони” майдонида пиёда сайил қилиб, Мўйноқда янгидан ташкил қилинган музейга ҳамда Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги давлат музейига ташриф буюрди.
 
Юқори ташкилотчилик ва кўтаринки кайфиятда ўтказилган тадбир иштирокчиларда олам-олам таассурот қолдирди.
 
Manba: uza. uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!