Каптарни босиб кетган ҳайдовчи ҳибсга олинди

Токиода содир бўлган бир воқеа ҳақида “NHK” давлат телевидениеси хабар беришича, светофорда турган таксичи яшил чироқ ёнгач, машинасини каптарлар устига ҳайдаган. Ҳайдовчи, тахминан, соатига 60 км тезликда юрган машинаси билан бир каптарни ўлдириб, воқеа жойидан яширинган.
Яқин атрофдаги пиёда чақириғига кўра воқеа жойига етиб келган полиция ходими ҳолатни ўрганган. Миллий матбуот ёзишича, текширув натижаси каптарнинг ўлимига жароҳат талвасаси (травматик шок) сабаб бўлганини қайд этган. Такси ҳайдовчиси тўсатдан машинасини кабутарлар устидан ҳайдаб ўтгани ҳам аниқланган.
Қайдномада профессионал ҳайдовчи атай тезликни ошириб, рулни жониворлар томон йўналтиргани, бу ҳаракати “ўта ғаразли” экани таъкидланган. Сўроқ пайтида қилмишига иқрор бўлган ҳайдовчи “йўл одамларники, қушлар эса йўлдан четда туриши керак”, дея олган, холос.
50 ёшли ҳайдовчи жониворни атайлаб ўлдириш ва ёввойи табиатни муҳофаза қилишга оид қонунни бузганликда айбланиб, қўлга олинган. Қоидабузар қанча муддат ҳибсда қолиши очиқланмаган.
Ушбу воқеа Япония матбуотида анча шов-шувга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқда ҳайдовчига нисбатан жуда кўп қарши изоҳ қолдирилган.