ЖССТ Ўзбекистонни қизамиқдан холи давлатлар рўйхатидан чиқарди
ЖССТ Ўзбекистонни қизамиқдан холи давлатлар рўйхатидан чиқарди.
Ушбу қарор эмлаш қамровининг етарли даражада бўлмагани фонида қизамиқ эпидемияси қайд этилган яна бир қатор давлатларга нисбатан ҳам қабул қилинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сўнгги йилларда касалланиш даражаси ошгани сабабли Ўзбекистонни қизамиқдан холи мамлакат мақомидан маҳрум қилди.
Шундай қарор яна беш давлат — Озарбайжон, Австрия, Буюк Британия, Испания ва Арманистонга нисбатан ҳам қабул қилинган.
ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу мамлакатларда 2024 йилда қизамиқ эпидемияси кузатилган. Халқаро қоидаларга биноан, агар вирус бир йилдан ортиқ муддат узлуксиз айланиб юрса, мамлакат тегишли мақомни йўқотади.
Касаллик авж олишининг асосий сабаби оммавий эмлашдаги бўшлиқлар бўлиб, бу аҳоли, айниқса болалар орасида иммунитетнинг пасайишига олиб келади. Энг кўп ҳолатлар 10 ёшгача бўлган болалар орасида қайд этилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қизамиқ вируси Европа ва Марказий Осиёда, хусусан Руминия, Грузия, Россия, Украина, Туркия, Франция, Германия, Полша, Қозоғистон ва Қирғизистонда фаол тарқалмоқда.
Қизамиқдан холи мақомни тиклаш учун Ўзбекистон уч йил давомида вирус айланмаси бўлмаслигини таъминлаши ва эпидемиологик назоратни кучайтириши лозим.
ЖССТ қизамиққа қарши вакцинанинг икки дозаси билан аҳолининг камида 95 фоизини қамраб олишни тавсия этади.
Ўзбекистон ушбу мақомни 2017 йилда, 2014–2016 йиллардаги маълумотлар асосида олган эди. Бироқ кейинчалик касалланиш кўрсаткичлари ёмонлашди: 2022 йилда Ўзбекистонда 8та ҳолат қайд этилган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 1026 тага етди.
Уларнинг аксарияти бир ёшгача бўлган, вакцина билан эмланмаган болалар ҳиссасига тўғри келади.
Қизамиқ — юқори иситма, йўтал, тумов, томоқ оғриғи ва тошма билан намоён бўладиган ўткир вирусли касалликдир. У пневмония, бронхит ва энсефалит каби асоратлари билан хавфли. Касалликдан ҳимояланишнинг ягона самарали йўли — эмлашдир.
