Жиззах автозаводида “Kia Sonet” автомашинаси чиқиши бошланди

Жиззах автозаводида “Kia Sonet” автомашинаси чиқиши бошланди

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган “АДМ Жиззах” енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводнинг янги биноси фойдаланишга топширилиб, “Kia Sonet” автомобилини ишлаб чиқаришга старт берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан вилоят улкан автомобилсозлик ҳудудига айлангани, 2022 йилда вилоятда саноат ишлаб чиқариш 11 триллион 700 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 19 триллион сўмга етгани, 1 йилда бу кўрсатгич 1,7 баробарга ортганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг эътибори ва қабул қилган бир қатор қарорларига мувофиқ Жиззахда машинасозлик соҳаси жадал ривожланмоқда. Хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали соҳани ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли кейинги йилларда вилоятда машинасозлик соҳасида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

“АДМ Жиззах”корхонасида бугунги кунга келиб “KIA”, “Chery” брендлари остида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.Лойиҳани амалга оширишда 226 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиб, айни пайтда корхонада 1 минг 300 нафар янги иш ўрни яратилди. Заводда йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлиб, келгусида иш ўринлари сони 3 минг нафарга етказилиши кўзда тутилган.

– Корхонамизда ишчи- хизматчиларга қулайлик яратиш мақсадида 120 ўринли умумий овқатланиш ошхонаси ташкил этилган. Ошхонада ишчилар бепул овқатланади. Улар ишга келиб- кетиши учун транспорт ажратилган ҳамда ишчи-хизматчилар махсус кийим-бош билан таъминланган, – дейди ушбу секция раҳбари Бобуржон Парпиев. –Келгусида ишчиларга қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида ётоқхона, яшаш уйлари, спорт ва болалар майдончаси қурилишини ҳам режалаштирганмиз.

Завод автомобилларни юқори технологияларни жалб қилган ҳолда пайвандлаш, бўёқлаш ва йиғиш жараёнларини қамраб олувчи тўлиқ ишлаб чиқариш цикли асосида ишламоқда. Корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сифатини янада ошириш мақсадида Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Хитой Халқ Республикасидан малакали мутахассислар жалб этилган.

Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандис Корея ва Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган, шу асосда жами 300 дан ортиқ мутахассис ана шундай курсларда қатнашади.

Бугун заводда тўлиқ технологик циклдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган биринчи “Kia Sonet” модели чиқарилиб, бу ерда пайвандлаш ва кузовни бўяш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

“АДМ Жиззах” автомобиль заводида ишлаб чиқарилган “Kia Sonet”га 5 йилга ёки 150 минг километр юришига кафолат берилмоқда. Аниқ нархлар ва конфигурациялар апрель ойида эълон қилинади.

Тадбирдан сўнг вилоят ҳокимлигида Эргаш Салиев Жанубий Корея Республикасидан келган тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!