Исроил Ғазога оммавий зарбаларини давом эттирмоқда: 10 фаластинлик ҳалок бўлди

Исроил ҳаво кучларининг Ғазо секторининг турли ҳудудларига берган янги зарбалари натижасида 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, улар орасида болалар ҳам бор, деб хабар бермоқда WAFA ахборот агентлиги.
Исроил қирувчи самолётлари Ғазо шимоли-ғарбидаги Шайх-Ридвон ҳудудида, Ал-Аҳли спорт клуби ёнидаги уйга зарба берди, икки киши ҳалок бўлди.
Ғазо марказидаги Бурейж қочқинлар лагеридаги турар-жой биносига уюштирилган зарбада етти киши ҳалок бўлди. Исроил армияси артиллерияси Бурейж лагерининг шарқий қисмини ва Нусейрат лагерининг шимолини ҳам ўққа тутди.
Хон Юнус жанубидаги Қисан ан-Нажжар ҳудудида, аввалроқ Исроил ўқлари натижасида яраланган бир фаластинлик ҳалок бўлди. Шайх Носир маҳалласида исроиллик қўшинлар турар-жой биносига ҳужум қилиб, уч киши, жумладан бир чақалоқ ва бир кекса аёл жароҳат олган.
Абасан ал-Кабира ҳудудида Исроил ҳужуми оқибатида бир она ва унинг икки фарзанди яраланди. Хон Юнуснинг жанубий қисмида, ал-Манара ҳудудидаги турар-жой биносига ҳам ҳужум қилинган.
Шимолдаги Рафаҳ ҳудудида, Мисбаҳ ҳудудида Исроил кучлари бир қанча биноларни портлатиб юборди.
Исроил учувчисиз учоқлари Ғазо шарқидаги Туркман ва Зайтун маҳаллаларига зарба берди. Бундан ташқари, Ғазо шимолидаги Байт Лаҳия ғарбида қишлоқ хўжалиги эрларининг бир қисми ўққа тутилди.