Ишончномага олинган Captiva сотиладиган бўлди
Юртимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш қаратилган тадбирларни олиб борилишига қарамасдан, салбий ҳолатлар учрамоқда.
Мисол учун, Бухорода яшовчи фуқаро 4 йил олдин Фарғонага бориб, оғзаки келишувга кўра ўзига таниш бўлган фуқародан Captiva русумли автомашина харид қилиб, ўз номига расмийлаштирмайди. Танишидан бошқариш учун ишончнома олиб, автомашинани миниб юраверади.
Бу орада, автомашина сотган кишининг 112 млн. сўм қарздорлиги бўйича ижро ҳужжати Бюро органлари иш юритувига келиб тушади.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг мулкий аҳволи ўрганилиб, унинг номида бўлган барча мол-мулкларга тақиқ қўйилади.
Шунингдек, номидаги автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиниб, қидирув ҳаракатларига киришилади.
Бюронинг қидирув ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ҳаракатлари давомида қидирувда бўлган автомашина Бухоро шаҳрида топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ижро ҳаракатлари давомида тарафларга ижро ҳужжатининг мазмун-моҳияти тўлиқ тушунтирилиб, мавжуд қарздорлик бартараф қилинмаган тақдирда, автомашина сотилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Белгиланган муддатда қарздорлик бартараф қилинмагандан сўнг, автомашина баҳоланиб, сотиш учун электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилди.
Ўйламай қилган иш, моддий зарар кўришга сабаб бўлиши мумкин.