Ҳарбий шифокорларимиз АҚШ Қуролли Кучлари тиббиёт ходимлари билан ўзаро тажриба алмашди
Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг шахсий тиббий воситалари, фавқулодда вазиятларда кўп миқдордаги ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни саралаш борасидаги мавзулар юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.
Бу хақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳамда АҚШ Қуролли Кучлари ҳамкорлигида тасдиқланган режага асосан ўтказилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси, Марказий ҳарбий клиник госпиталь ҳамда ҳарбий қисмлар тиббиёт хизмати офицер ва сержантлари иштирок этди.
АҚШ Қуролли Кучлари делегацияси раҳбари тиббиёт хизмати полковниги Алан Чемберс ва делегация аъзолари тиббиёт хизмати подполковниги Бредли Риттенхоус, тиббиёт хизмати капитани Кери Реопас ҳамда Чефф Керровицлардан иборат бўлди.
Семинар давомида оддий аскар ва ўрта тиббиёт ходимлари кўрсатадиган биринчи ва врачгача тиббий ёрдам ҳажми, жанг майдонида ярадорларга реанимацион ёрдам кўрсатиш, авиатиббий эвакуация, куйган ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва бунда қўлланиладиган дори воситалари ҳамда реабилитация жараёнлари, АҚШ ҳарбий хизматчиларининг шахсий тиббий воситалари ва улардан фойдаланиш тартиби, сақланиши ҳақида маърузалар қилинди, презентациялар намойиш этилди.
Марказий ҳарбий клиник госпиталь қон тайёрлаш маркази бошлиғи, тиббиёт хизмати подполковниги З. Ибрагимовнинг қон таъминотини ташкиллаштириш масалаларига бағишланган маърузаси ҳам қизиқиш билан қарши олинди.
Семинар савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Семинар якунида меҳмонлар учун Қуролли Кучлар академияси музейига экскурсия ташкиллаштирилди.
