«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир»

«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир»

Ўлим ҳар бир жон бошида бор ҳақиқат. Бундан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Ўлимни эслаб юриш кишига унинг ўзлигини англашга ёрдам беради, уни турли туғёнлардан, инсонийлигига ярашмаган ҳар хил тажовузли қилмишлардан сақлайди. Ўлимни кўп эслаган одам ўз гуноҳларига истиғфор айтиш билан, йиғлаш билан машғул бўлиб, биродарларининг айбини излашга унда вақт ҳам, тоқат ҳам қолмайди. Хуллас, ўлим ёди жуда кўп яхшиликларни қилишга, жуда кўп ёмонликлардан сақланишга гаровдир. Балки, барча яхшиликлар боши ўлимни эслашда, барча ёмонликлар дебочаси ўлимни ёддан чиқаришда, десак муболаға бўлмаса керак.

Шу сабабли пайғамбаримиз алайҳиссаломдан "Лаззатларни кесувчи ўлимни тез-тез эслаб туринглар" деган Ҳадиси шариф нақл этилган. Пайғамбар алайҳиссаломга эргашган саҳоба ва тобеъинлар эса доим бу ҳақиқатни ўзларининг ҳаёт тамойили қилиб ўтдилар.

Қуйида улардан келган баъзи нақлларни келтириб ўтсам. Бу нақлларнинг айримлари ўлим ҳақида бўлса, яна бирлари ўша улуғ зотларнинг ўлим асносидаги ҳолатларини ҳикоя қилади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: "Мен орангизда Умар (розияллоҳу анҳу)нинг охирги лаҳзаларини кўрган одамман: (у меҳробда пичоқланганларидан сўнг) кирганимда бошлари ўғллари Абдуллоҳ ибн Умар қучоғида эди.

– Бошимни ерга қўй, – дедилар.

– Ер билан соним бир эмасми (нима фарқи бор)? – деди ўғли.

– Бошимни ерга қўй, деяпман, бола! – деб овозларини кўтардилар бир-икки бор.

(Бошлари ерга қўйилганидан) кейин оёқларини чўзиб:

– Агар Аллоҳ гуноҳимдан ўтмайдиган бўлса, ҳолимга вой, онамнинг ҳолига вой!, дея жон бердилар" (Абу Довуд, "Зуҳд" китоби, 64- саҳифа).

Оиша розияллоҳу анҳо бундай ҳикоя қиладилар:

"Отам ўлим тўшагида нафаслари калта-калта бўла бошлаганда дедим:

– Отажон, – бу энди шоир айтганидек... (яъни, жоҳилият шоирининг машҳур бир "қасамки, нафас калта бўлиб, юрак сиқиб келган кунда (ўлим талвасасида) на пул, на бойлик фойда беради" деган байтига ишора қилмоқчи бўлганлар), дедим.

– Йўқ, балки бу Аллоҳ таоло айтган лаҳзадир: "Мана, ўлим мастлиги (талвасаси) ҳам ҳақ-рост етиб келди. Сенинг қочиб юрган нарсанг ҳам шу эди" (“Қоф” сураси, 19 - оят), дедилар отам" (Абу Довуд, "Зуҳд" китоби, 61-саҳифа).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: "Ваъзу насиҳатга ўлимнинг ўзи кифоя қилади...".

Абу Дардо розияллоҳу анҳу эса бундай дейдилар: "Ким ўлимни кўп эсласа, беҳуда хурсандчилиги камаяди, ҳасади озаяди".

Ибн Муборак, "Зуҳд" китоби, 2/37.

Тобеъинлардан Саид ибн Жубайр айтадилар: "Агар ўлимни эслаш қалбимни тарк этадиган бўлса, қалбим бузилиб қоладими, деб қўрқаман".

Имом Аҳмад, "Зуҳд" китоби, 371-саҳифа.

Халифа Умар ибн Абдулазиз Анбаса ибн Саидга шундай насиҳат қиладилар: "Эй Анбаса! Ўлимни эсла. Чунки, агар ишинг юрмай, ҳаётингда танглик бўлиб турган бўлса, ўлимни ёдлаш орқали дилинг ёришади, ором оласан. Ҳаёт лаззатига масрур бўлиб, кенгликда турган бўлсанг, ўлимни эслаш орқали бу ҳолингга танг бўласан".

Ибн Саъд, "Табақот" китоби, 5/372.

Тобеъинлардан Собит ал-Буноний айтадилар: "Жаноза ортидан юрар эканмиз, фақат юзини тўсиб йиғлаб кетаётган ё юзини тўсиб бир нуқтага тикилганча ўйга толган одамнигина кўрар эдик (яъни, одамлар шу икки ҳолатдан бошқача бўлмас эдилар)".

Абу Нуайм, "Ҳилятул авлиё" китоби, 2/322.

Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик тобеъинлардан бири Абу Ҳозимдан сўрадилар:

– Нега биз ўлимни ёмон кўрамиз?

– Чунки сизлар дунёни ободонлаштириб, охиратингизни харобазорга айлантирдингиз. Ким ҳам обод ердан хароба ерга ўтгиси келарди?

Абу Бакр Динаварий, "Мужоласа" китоби, 2/138.

Аллоҳ таоло биз ношуд бандаларини ҳам ўлимни тез-тез эслаб турувчи, гуноҳларига йиғловчи бандаларидан қилсин, қиёматда юзимизни ёруғ этсин.

Сайфуллоҳ НОСИР,

Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!