Ҳамиша ҳимояда эканингизни ҳис қиласизми?

Ҳамиша ҳимояда эканингизни ҳис қиласизми?

«Хорижда қийин аҳволда қолган 71 нафар фуқаро Тошкент халқаро аэропортида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ҳамда меҳнат мигрантларининг қариндошлари томонидан кутиб олинди.

Улар тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилиб, бошқа зарур ёрдамлар кўрсатилди».

Ҳа, бу яқиндаги гап. Бир вақтлар ўзга юртларга насиба ахтариб ишга кетиб, оқибатда оғир аҳволда қолган ватандошларга ёрдам қўлини чўзиш ҳеч кимни қизиқтирмасди. Ҳатто, ўз ҳудудидан муносиб иш тополмай, оиласини боқиш мақсадида ўзга юрт остонасини супуриб, ҳалол меҳнат қилаётганлардан жирканган пайтларимиз ҳам бўлган. Лекин «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоя кундалик ҳаётимизга татбиқ қилингач, вазият бутунлай ўзгарди. Конституциянинг мазкур 22-моддаси ҳам ижтимоий ҳаётда ўз аксини топа бошлади.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарманинг асосий вазифаси хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган, оғир моддий аҳволга тушган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

Қашқадарёлик Жамшид ­Отабоев ҳам ўз яшаш жойида муносиб иш тополмагани учун ноқонуний равишда хорижга чиқиб ишлашга мажбур бўлди. Орадан кўп вақт ўтмасдан, фуқаролик паспортини олдириб, қийин вазиятга тушиб қолган. Бир неча ой ишга ёлловчи шахслар қўлида азобланиб, қул каби хизмат қилган...

2018 йил 5-8 сентябрь Москва шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 19-кенгашида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларининг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги тахминан 1500 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросини қайтаришга кўмаклашиш ҳақида келишувга эришилгач, Жамшиднинг азобли кунлари барҳам топди. Ўз юртига омон-эсон қайтиб келди.

— Бошимга тушган кунларни, ҳатто, душманимга ҳам раво кўрмайман, — дейди Жамшид Отабоев. — Моддий қийинчилик туфайли ноқонуний равишда хорижга чиқишга мажбур бўлган эдим. Оқибатда қилган ишимдан пушаймон едим. Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхшилигига амин бўлдим. Давлатимиз кўмаги билан юртимизга қайтиб келгач, бизга умуман бошқача муносабатда бўлишди. Очиғи, бундай ҳолатни, ҳатто, тасаввур ҳам қилмагандик. Тегишли ташкилот ва мутасаддилар томонидан биз билан суҳбатлар ташкиллаштирилди. Хорижда қонуний ишлаш учун яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Айниқса, келаси йилдан хорижга қонуний равишда ишга жўнатиш билан нафақат тегишли вазирлик-идоралар, балки хусусий ташкилотлар ҳам шуғулланар экан. Бу кўпчиликка қулайлик яратади, деб умид қиламан.

Ҳа, давлат ўз фуқаросини ҳар ерда, қанча ҳимоя қилса, фуқаро ҳам шунча содиқ бўлади. Бугун хорижда қийин аҳволда қолган юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан бошланган бундай хайрли ишлар давом эттирилаётган экан, кишида шундай қатъий ишонч уйғонади: Биз Ўзбекистон ҳимоясидамиз! 

Manba: od-press.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!