Гулистонда ота ўғлига, Зарафшонда ука ўз акасига бир буйрагини берди

Гулистонда ота ўғлига, Зарафшонда ука ўз акасига бир буйрагини берди

Саккиз йилдан буён гемодиализ муолажасини олиб келаётган сирдарёлик 22 ёшли бемор Олег Кимда буйрак трансплантацияси ўтказилди.

Гулистон тиббиёт кластерида бажарилган мазкур амалиёт академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди А.Аҳмедов, мазкур муассаса врач-хирурги О.Тоиров ҳамда хирург-трансплантолог Ш.Тошмаматов бошчилигидаги маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилди.

Қарийб тўрт соат давом этган операция муваффақиятли ўтди. Олег Кимга отаси Аркадий Ким донорлик қилди.

Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам саломатлиги яхши. Уларда тегишли стандартлар асосида тиббий муолажалар давом эттирилмоқда. Жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ харажатлар эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилди.

Шунингдек, бундай амалиётларнинг навбатдагиси Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг етакчи мутахассислари ҳамда маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида ўтказилди.

5 соат давом этган тиббий амалиёт давомида Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи 37 ёшли Зарифжон Исоқов ўз акаси, 44 ёшли Салоҳиддин Исоқовга бир буйрагини берди.

Айни пайтда ака-укаларнинг саломатлиги яхши. Улар шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!