Ғазо секторидаги Ал-Шифа касалхонаси раҳбарияти вазиятни БМТ билан муҳокама қилмоқда

Ал-Шифа шифохонаси раҳбарияти БМТ вакиллари билан Ғазо секторидаги тиббиёт мажмуасида қолган беморлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Ал-Шифа касалхонаси директори Муҳаммад Эбу Силмийе маълум қилди.
Директорнинг сўзларига кўра, шифохонани эвакуация қилиш Исроил армияси беморлар, ярадорлар, кўчирилганлар ва тиббиёт ходимларига мажмуани тарк этишига роппа-роса бир соат вақт берганидан кейин бошланган.
“Касалхонада 5 нафар тиббиёт ходими, оёғидан жароҳат олган ёки жарроҳлик амалиёти туфайли ҳаракатлана олмаган 120 га яқин бемор, шунингдек, 30 нафар эрта туғилган чақалоқ қолмоқда. Уларни ташиш учун БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда”, — деди Эбу Силмийе.
Унинг қайд этишича, бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида сув ўчирилгани, болалар маълум муддат кислородсиз қолаётгани боис, шифохонадаги ҳозирги вазият жуда оғир.
“Исроил армияси кислород стансияларини, сув таъминоти ва дори-дармонларни сақлашни яроқсиз ҳолга келтирди. Касалхонада яшашга яроқли жой йўқ, овқат ҳам йўқ”, — деди директор.
Аввалроқ, 15 ноябрь куни Исроил армияси минтақадаги энг йирик тиббиёт муассасаси бўлган, минглаб беморлар ва кўчирилган тинч аҳоли даволанаётган Ал-Шифа касалхонасига рейд уюштирган эди.