Фарғонада жиноий гуруҳ эркакни ўлдириб, “Жанубий Фарғона канали”га ташлади. Буюртмачи — марҳумнинг хотини

Фарғонада жиноий гуруҳ эркакни ўлдириб,  “Жанубий Фарғона канали”га ташлади. Буюртмачи — марҳумнинг хотини

Г.Алиева (исми-шарифи ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Д.Алиев уйга мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб келган ҳолда уни ҳақоратлаб, жанжаллашиб келганлиги сабабли танишлари М.Дамиров ва Г.Баллаевга турмуш ўртоғи Д.Алиевни уриб-дўппослаш ҳақида берган кўрсатмасига асосан Г.Баллаев хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, М.Дамиров билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, 2015 йил 15 октябрь тунги соат 22.30 ларда Фарғона шаҳар, Қува кўчасида Д.Алиев танасининг турли қисмларига қўл ва оёқлари билан уришиб, жабрланувчи Д.Алиевга тегишли бўлган 240.000 сўмлик уяли алоқа аппаратини очикдан-очиқ талон-торож қилишиб, ҳодиса жойидан яширинишган. Бу ҳақда Фарғона вилоят судининг судьяси Нодиржон Раимқулов "Aniq.uz"га маълум қилди.

Шундан сўнг, Г.Алиева турмуш ўртоғи Д.Алиев жанжаллашишни давом эттираётганлиги сабабли уни қасддан ўлдириш жиноий режасини тузиб, уни амалга ошириш мақсадида танишлари Л.Дамиров ва М.Дамиров ҳамда Г.Баллаевларни ёллаган ҳолда улар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, турмуш ўртоғи Д.Алиевни қасддан ўлдириш эвазига уларни 3.000.000 сўм микдордаги пул маблағларини бериш билан қизиқтириб, жиноят содир этишга жалб қилган.

Тузилган жиноий режага асосан Г.Алиева жиноий шериклари Г.Баллаев ҳамда Л.Дамиров ва М.Дамировлар билан Фарғона шаҳри, А.Яссавий кўчасида жойлашган “Фармуз” тўйхонаси ёнида учрашиб, турмуш ўртоғи Д.Алиевнинг уйда ёлғиз ўзи эканлиги ҳақида маълум қилиб, олдиндан келишилган пул маблағларидан 1.000.000 сўмини жиноятни содир этишда фойдаланиладиган воситаларни сотиб олиш учун берган.

Сўнгра, жиноий гуруҳ аъзолари М.Дамиров, Л.Дамиров ва Г.Баллаевлар Фарғона шаҳри, Л.Толстой кўчасида жойлашган “Хуршид” номли дўкондан 2 дона скотч лентасини сотиб олишиб, соат 23.30 ларда Д.Алиев яшаб келган Фарғона шаҳар, А.Фарғоний кўчаси 85-уйга эшикнинг очиқлигидан фойдаланиб киришган ва ётоқхонада маст ҳолатда ухлаётганлиги сабабли уларга фаол қаршилик кўрсатишга қодир бўлмаган Д.Алиевнинг ожиз аҳволда эканлигидан фойдаланишиб, М.Дамиров ва Г.Баллаевлар унинг оёқ-қўлларидан ушлаб туришган, Л.Дамиров эса дастлаб оғиз қисмини, сўнгра қўл ва оёқларини скотч лептаси билан ўраб, Д.Алиев танасининг турли қисмларига қўл ва оёқлари билан уришганлиги оқибатида у ҳушини йўқотган.

Бироздан сўнг, жабрланувчи Д.Алиев ҳушига келганлиги сабабли М.Дамиров, Л.Дамиров ва Г.Баллаевлар уни қасддан ўлдиришга қаратилган жиноий режаларини охирига қадар етказиш мақсадида танасининг турли қисмларига қўл ва оёқлари билан уришни давом эттиришиб, оғзига футболкасини тиқиб, бўйин қисмидан бўғиб, нафас йўлларини беркитишган ва натижада Д.Алиев ҳодиса жойида вафот этган.

Шундан сўнг, Г.Баллаев хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, М.Дамиров ва Л.Дамировлар билан бир гурух бўлганлари ҳолда, жабрланувчи Д.Алиев шимининг чўнтагидан қўл телефонини яширин равишда талон-торож қилишган ҳамда содир этган жиноятларини яшириш мақсадида Д.Алиевнинг мурдасини йўловчи автомашинасида Қува тумани, “Шрейдер” қишлоғига олиб боришиб, ушбу ҳудуддан оқиб ўтувчи “Жанубий Фарғона канали”га ташлаб юборишган.

Жиноятчиларнинг бу ҳаракатлари суд томонидан кўриб чиқилиб, Г.Баллаевга 20 йил, М.Дамировга 18 йил, Л.Дамировга 17 йил ҳамда Г.Алиевага 13 йил озодлиқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!