Фақирлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фахри эдими?

Фақирлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фахри эдими?

Савол: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” яъни, фақирлик менинг фахримдир, деган гап ҳадисми ёки йўқми?

Жавоб: Мазкур ривоятнинг тўлиқ матни “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру”дир. Яъни, фақирлик (камбағаллик, қашшоқлик) менинг фахримдир ва мен у билан фахрланаман”.

Муҳаққиқ олим Мулла Али Қори Ҳанафий ўзларининг “Мирқотул мафотийҳ шарҳу Мишкотил масобийҳ” номли машҳур асарларида (14-жуз, 356-бет) шундай деганлар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти Пайғамбаримиз номларидан айтилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқа олимлар айтганларидек, бу ривоятнинг исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима) ва “ботил”дир”. Мазкур китобнинг 15-жузи, 150-бетида: “Ҳофиз Асқалоний ва бошқа ҳофизлик даражасига етган олимлар очиқ-ойдин (равшан, аниқ) баён қилганларидек, бу ривоятнинг асли-асоси йўқ, ботилдир”, дейилган.

Муҳаққиқ муфассир Олусий “Руҳул маъоний” тафсирида (7-жуз, 267-бет): “Ал фақру фахрий” хабари асли-асоси йўқ, кизб (ёлғон)дир”, деган. Мазкур тафсирнинг 20-жузи, 422-бетида: “Халқ орасида тарқалган бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, дейилган. Мазкур тафсирнинг яна 23-жузи, 13-бетида: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” ривояти Ибн Ҳажар Асқалоний айтганидек, исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейилган.

Шайх Бакр Абу Зайд “Мўъжамул маноҳил лафзийя” китобида (21-жуз, 21-бет): “Халқ орасида тарқалаётган “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” лафзини Ҳофиз Ироқий  ва Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийлар: “Исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейишган”, дейди.

“Ат талхийсул ҳабийр фий тахрийжи аҳодийсир Рофеъиййил-кабийр” китобида (4-жуз, 156-бет): “Имом Санъоний мазкур ҳадиснинг “мавзуъ” (сохта, тўқима) эканига жазм қилган яъни, аниқ ишонч ҳосил қилган”, дейилади.

“Тафсири Нисобурий” муаллифи (7-жуз, 151-бет): “Агар бу ривоят саҳиҳ бўлганида эди, бу “фақирлик” бошқа маънодадир, масалан: “Аллоҳ таолога бўлган муҳтожлик” деб, таъвил қилган бўлар эдик”, деганлар.

Мазкур ривоятнинг исноди “мавзуъ” бўлиши билан бир қаторда яна “ботил” дейилишининг сабаби, бу ривоят мазмун жиҳатидан қуйидаги саҳиҳ ҳадисга зиддир. Абу Бакра (ра) айтадилар: “Пайғамбаримиз ҳар намоздан сўнг: “Эй Аллоҳ, мен куфр, фақирлик ва қабр азобидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қилурман”, деб дуо қилардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ҳокимлар ривояти).

Муҳаққиқ уламолар айтадилар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти “кизб” (ёлғон), “мавзуъ” (сохта, тўқима), асли йўқ бўлиб, ҳадис билимдонларининг бирортаси Пайғамбаримиздан ривоят қилмаган. Қолаверса, маъноси ҳам ботил. 

Зеро, Пайғамбаримиз ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган фазилатлар билан асло фахрланмаганлар. Балки, кўп ҳадисларида: “Мен қиёмат куни Одам болаларининг саййидиман, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат куни биринчи бўлиб менинг қабрим очилади, аммо бундан фахрланмайман. Биринчи шафоат қилувчи ҳам, биринчи шафоат қилингувчи ҳам мен бўламан, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат кунида менга «Ливоул ҳамд» (мақтов байроғи) берилади, аммо бундан фахрланмайман. Жаннатга ҳам биринчи бўлиб кираман, аммо бундан фахрланмайман…”, деганлар” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Тошкент Ислом институти «Ҳадис ва ислом тарихи» кафедраси ўқитувчиси
Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!