Фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари қай тарзда рағбатлантирилади? 

Фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари қай тарзда рағбатлантирилади? 

Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро ва республика даражасидаги фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларига бир марталик пул мукофотлари миқдори маълум қилинди.

Қайд этилишича, халқаро фан олимпиадаларининг совриндорлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар бараваридан 500 бараваригача, уларнинг ўқитувчилари эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 450 бараваригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Бундан ташқари, халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили давомида директор жамғармасидан қўшимча устама олишади.

«2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилган бўлиб, унга кўра Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI)да ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдори (айни пайтда 223 минг сўм)нинг 500 баравар (111,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (100,35 млн. сўм);

2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (66,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (55,75 млн. сўм);

3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (44,6 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (33,45 млн. сўм).

Бундан ташқари, халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан 1-ўрин (олтин медаль) учун – 200 фоиз, 2-ўрин (кумуш медаль) учун – 175 фоиз, 3-ўрин (бронза медаль) учун – 150 фоиз миқдорида қўшимча устама олишади», дея ХТВ Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти бошлиғи Умид Раҳмоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, юқорида келтириб ўтилган халқаро олимпиадаларда медал билан тақдирланган ўқувчилар Олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.

Шунингдек, Умид Раҳмонов фан олимпиадаларининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларни тайёрлаган ўқитувчилар қай тарзда рағбатлантирилишини маълум қилди. Унга кўра ўқувчи ва ўқитувчилар қуйидагича миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида (11,15 млн. сўм);

2-ўрин (кумуш медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараварида (7,8 млн. сўм);

3-ўрин (бронза медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварида (6,69 млн. сўм).

Маълум бўлишича, фан олимпиадаларининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади.

«Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига 150 фоиз, фан олимпиадаларининг республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

Олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

Бундан ташқари, юқорида таъкидланган қарорга мувофиқ математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан ҳар йили бир марта ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадаси жорий этилган бўлиб, унинг ғолибларига қуйидагича бир марталик пул мукофотлари белгиланган:

1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 (22,3 млн. сўм), ўқитувчисига – 80 баравар (17,8 млн. сўм);

2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 85 (18,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 65 баравар (14,49 млн. сўм);

3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 (15,6 млн. сўм), ўқитувчисига –50 бараварида (11,15 млн. сўм)», дейди Умид Раҳмонов.

ХТВ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2019 йил 3 майдаги президент қарори билан вазирликда Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилган бўлиб, у республика ва халқаро миқёсда ташкил қилинадиган олимпиадаларни мувофиқлаштиради, онлайн олимпиадалар ташкил қилади ҳамда мунтазам равишда иқтидорли ўқувчилар заҳирасини шакллантиради ва уларнинг мониторингини юритади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!