Эрон ҳукумати футболчи ўлимга ҳукм қилингани ҳақидаги маълумотларни рад этди

Эрон ҳукумати футболчи ўлимга ҳукм қилингани ҳақидаги маълумотларни рад этди

Эрон ҳукумати «Трактор Табриз» клуби собиқ ҳимоячиси Амир Наср-Озоданийнинг ўлимга ҳукм қилинганини инкор этди.

ЖЧ-2022 финалидан сўнг Колумбия президенти Густаво Петро Аргентинани ғалаба билан табриклади ва қуйидаги сўзларни ёзди: «Месси ва Аргентина халқи учун жуда хурсандман. Ва Эрон ҳам футболни ўлдирмасин». Сиёсатчи ёзувга Озоданийнинг расмини ҳам илова қилди ва «уни ўлдирманглар» деб ёзиб қўйди.

Колумбиядаги Эрон элчихонаси Петронинг постига муносабат билдирди ва улар «сохта янгиликлар кампаниясини давом эттираётган гибрид уруш»ни танқид қилди.

«Суд ҳали бўлиб ўтгани йўқ. Шунинг учун ўлим жазоси ҳақидаги хабарлар ёлғондир», — дейилади дипломатик ҳукуматнинг баёнотида. Элчихона, шунингдек, Озоданий уч нафар полиция ва хавфсизлик ходимини ўлдирган қуролли гуруҳга алоқадорликда гумонланган бешинчи айбланувчи эканлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли футболчи ноябрь ойи охирида ҳибсга олингани, кейинроқ унинг исми ўлимга ҳукм қилинганлар рўйхатида пайдо бўлгани хабар қилинганди.

Эронда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бунга Маҳса Аминийнинг сентябрь ойида «ҳижобни нотўғри ўрагани» учун ҳибсга олиниб, бир муддат полиция бўлимида бўлганидан сўнг вафот этгани сабаб бўлганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!