Эрон атрофидаги уруш яна тўхтатилди: томонлар ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатганини эълон қилди
Эрон ва Исроил ўртасидаги навбатдаги кескинликдан сўнг ҳар икки томон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини маълум қилди. Бу Эроннинг Исроилга ракета ҳужуми ва Исроилнинг Эрон ҳудудидаги нишонларга зарбалари ортидан содир бўлди.
Якшанба куни кечқурун Эрон Исроилнинг шимолига бир нечта ракета учирди. Теҳрон бу ҳаракатни Исроилнинг Байрут шаҳрига берган зарбаларига жавоб деб атади. Исроил эса Ливандаги амалиётлари «Ҳизбуллоҳ» кучларига қарши қаратилганини билдирмоқда.
Эрон ҳужумидан кейин Исроил барча ракеталар ҳавода йўқ қилинганини маълум қилди. Шундан сўнг Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг ғарбий ва марказий ҳудудларидаги ҳарбий объектларга, шунингдек, мамлакат жануби-ғарбидаги Маҳшар нефть-кимё мажмуасига зарбалар бергани ҳақида хабарлар тарқалди.
Душанба куни Исроил мудофаа армияси Эрон томонидан янги ҳужумлар қайд этилганини маълум қилди. Шунингдек, Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар ҳам ракета учиргани айтилди.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилнинг Неватим ва Тел-Ноф авиабазаларига зарба берилганини маълум қилди. Теҳрон бу ҳаракатни Эрон ҳудудидаги бир нечта радиолокация станцияларига қилинган ҳужум учун жавоб сифатида баҳолади.
Куннинг иккинчи ярмига келиб, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби ҳарбий операциялар тўхтатилганини эълон қилди. Бироқ, баёнотда агар ҳужумлар, жумладан Жанубий Ливанда ҳам давом этса, жавоб чоралари аввалгидан ҳам қаттиқроқ бўлиши огоҳлантирилди.
Орадан кўп ўтмай Исроил ҳам Эрон нишонларига қарши ҳужумларни тўхтатаётганини маълум қилди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу қарор АҚШ президенти Дональд Трампнинг мурожаатидан кейин қабул қилинганини хабар қилди.
Шу билан бирга, Исроил ҳарбийлари Ливан ҳудудидан яна учта ракета учирилганини қайд этди. Ракеталарнинг бир қисми тутиб қолинган, қолганларидан бири аҳоли яшамайдиган ҳудудга тушган. Ҳодисада жабрланганлар йўқ.
Оммавий ахборот воситалари Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу телефон орқали мулоқот қилганини хабар қилди. Суҳбат тафсилотлари ошкор этилмаган.
Трамп аввалроқ Эрон ва Исроилни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган ҳамда томонлар тез орада сулҳга эришиши мумкинлигини айтган эди.
Шу билан бирга, таҳлилчилар фикрича, ҳарбий ҳаракатлар вақтинча тўхтаган бўлса-да, можаронинг тўлиқ ҳал этилгани ҳақида гапириш ҳали эрта. Томонлар ўртасидаги зиддият сақланиб қолмоқда ва янги кескинлик хавфи ҳамон юқори бўлиб турибди.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён эса мамлакат «на жанг майдонидан, на музокаралар столи ортидан чекинмаслигини» таъкидлаб, миллий хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш Эрон учун асосий устувор вазифа бўлиб қолишини билдирди.
