Дубай шаҳзодасининг собиқ рафиқаси ҳибсга олинди: фарзандлар учун кураш давом этмоқда
Дубайда озарбайжонлик собиқ гимнастикачи Зейнаб Жавадли ҳибсга олинди. Бу воқеа унинг уч нафар қизи устидан васийлик ҳуқуқи учун собиқ турмуш ўртоғи — Дубай ҳукмдорлари оиласи вакили шайх Саид бин Мактум бин Рашид Ол Мактум билан давом этаётган можаро фонида юз берди.
Дубай прокуратураси маълум қилишича, Жавадли собиқ эрининг мурожаатидан сўнг қўлга олинган. Шайх уни суд томонидан тасдиқланган учрашув пайтида болаларни олиб кетганликда айбламоқда.
Жавадлининг қариндошлари ва яқинлари сешанба оқшомидан бери у билан алоқа узилганини билдириб, хавотир изҳор қилган. Деярли икки кун давомида унинг ва болаларининг қаерда экани ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган.
Унинг британиялик адвокати ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дэвид Хейгнинг айтишича, Зейнаб сўнгги ойларда хавфсизлик кучлари болаларини олиб кетиши ва ўзини ҳибсга олиши мумкинлигидан қўрқиб, деярли уйидан чиқмай келган.
Прокуратура маълумотларига кўра, собиқ эри уни болаларни ўғирлаб кетишда айбламоқда. Ўтган йили ҳам у полицияга мурожаат қилиб, қизлари олиб кетилгани ҳақида шикоят қилган эди. Томонлар бир неча йилдан бери бир-бирини болаларни ўғирлашда ва уларни ноқулай шароитда сақлашда айблаб келмоқда.
Зейнаб Жавадли собиқ озарбайжонлик бадиий гимнастикачи бўлиб, жаҳон ва Европа чемпионатлари совриндори ҳисобланади. У 2015 йилда шайх Саид бин Мактум бин Рашид Ол Мактумга турмушга чиққан. Улардан уч нафар қиз фарзанд туғилган бўлиб, катта қизи ҳозир 10 ёшда.
Жуфтлик 2020 йилда ажрашган. Шундан кейин Жавадли бир неча бор собиқ эрининг оиласи фарзандлари билан кўришишига тўсқинлик қилаётганини айтган. Ўтган йили у суд жараёнларидан бирини жонли эфирда намойиш қилиб, жамоатчиликдан ёрдам сўраган эди.
Шайхнинг адвокатлари эса судда Жавадлини болаларга нисбатан зўравонлик қилишда, уларни мактабга юбормасликда, меҳмонхонада яшашга мажбурлашда ва кичик қизининг соғлиғини хавф остига қўйишда айблаган. Жавадли бу айбловларнинг барчасини рад этмоқда.
Ҳозирча васийлик бўйича суд тортишувлари давом этмоқда ва ишнинг якуний натижаси маълум эмас.
