Эрдўған: Зилзиладан зарар кўрган ҳудудларимизда 1-2 йил ичида турар жой қурамиз

"Биз катта мақсадни қўйганмиз, 1-2 йил ичида зилзиладан зарар кўрган ҳудудларимизда турар-жойлар қурамиз”. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Конкордия саммити доирасида америкалик ишбилармонлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“6-февралдаги зилзиладан кейин Марокаш ва Ливияда содир бўлган офатларнинг оғирини биламиз. Биз 50 минг кишини йўқотдик, уйлари вайрон бўлган фуқароларимизнинг тезроқ уйларига жойлашишини истаймиз”, — деди Эрдўған.
Туркия раҳбари, шунингдек, мамлакати Марокаш ва Ливияга ёрдам борасида мурожаат қилганини таъкидлади:
“Биз тез ёрдам беришга тайёрмиз дедик, лекин Марокашдан жавоб олмадик, Ливиядан жавоб олдик. Биз 3 та самолёт ва 3 та кема юбордик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар қандай ёрдамни юборишга тайёрмиз, дедик”.