Энергетика соҳасидаги лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, энергия тизими барқарорлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда қайд этилганидек, мамлакатимизда электр энергияси бўйича жами генерация қувватлари 25,8 минг мегаваттга етди. Шундан қуёш, шамол ва гидроэнергетика 8 минг мегаваттни, яъни умумий ҳажмнинг 31 фоизини ташкил этмоқда. 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 90 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 40 фоиз ўсиш демакдир.
Жорий йилда иқтисодий ўсиш ҳамда тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши ҳисобига электр истеъмоли яна 1 миллиард киловатт-соатга ортиши кутилмоқда. Шу муносабат билан аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш, тармоқларни янгилаш, инвестицияларни кўпайтириб, йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш биринчи навбатдаги вазифа сифатида белгиланди.
Бугунги кун ҳолатига кўра, ёқилғи-энергетика мажмуидаги инвестиция портфели 133 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, умумий қиймати 51,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шундан 43 миллиард долларлик 73 та йирик лойиҳа бўйича тизимли ёндашув қилиб, йил якунига қадар 6 минг 770 мегаватт янги қувватларни ишга тушириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу 2,8 минг мегаватт қуёш, 2,5 минг мегаватт иссиқлик, 470 мегаватт шамол, 68 мегаватт гидроэнергетика қувватлари ҳамда 884 мегаватт энергия сақлаш тизимларидир.
Бироқ айрим лойиҳаларни келишиш ва ер ажратиш билан боғлиқ жараёнларда турли сусткашликларга йўл қўйилаётгани оқибатида мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда янгиларини бошлаш орқага сурилаётгани танқид қилинди. Мутасаддиларга ер ажратиш ва тоифасини ўзгартириш ишларини тезлаштириш топширилди.
Умуман, жойларда энергетикани ривожлантириш ва энерготежамкорликни таъминлашда Энергетика вазирлиги ҳамда ҳокимликлар яқин ҳамкорлик ва мувофиқлашув асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.
Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотлар иштирокини янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. 2025 йилда инвестиция лойиҳаларида маҳаллий компонент улуши 737 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткични 1 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Жумладан, ўтган йили трансформатор ишлаб чиқариш заводи ишга тушди. Жорий йилда янги турдаги кабель ва муфталарни, шамол электр станциялари миноралари ва парракларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларини ишга тушириш, энергия сақлаш тизимларини маҳаллийлаштириш лойиҳасини бошлаш режалаштирилган.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ортаётган шароитда уни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш масаласи долзарб экани, лекин қўшимча юқори кучланишли магистрал тармоқлари қурилмаса, генерация қувватларининг истеъмол ҳажмидан ошиб кетиши хавфи мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили электр тармоқларини ривожлантиришга ажратилган маблағларни ўзлаштириш суръати етарли эмаслиги қайд этилди.
Шу муносабат билан яқин йилларда жами 602 километр узунликдаги “Толимаржон – Сўғдиёна”, “Сирдарё – Ҳалқа” ва “Қоракўл – Нуробод” линияларини, 2030 йилга қадар “Янги Ангрен – Наманган” тармоғи ҳамда “Наманган” нимстанциясини қуриш режалари ҳақида ахборот берилди. Тошкент шаҳрида 75 километр юқори кучланишли тармоқлар ва 5 та нимстанция қуриш, 69 километр тармоқ ҳамда 18 та нимстанцияни модернизация қилиш, 638 километр паст кучланишли тармоқлар ва 161 та трансформатор шохобчаларини модернизация қилиш топширилди.
Қўшни давлатлар билан энергетика тизимларини интеграция қилиш ҳисобига водий вилоятларида электр таъминотини яхшилаш режалари ҳам муҳокама қилинди. “Сурхон – Пули-Хумри” юқори кучланишли тармоғи ва унинг нимстанциялари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Энергия самарадорлиги борасида ҳали кўп ишлар қилиниши шартлиги қайд этилди.
Соҳа ва тармоқларда 2026 йилда электр 4 миллиард 378 миллион киловатт-соат электр энергияси, 2 миллиард 840 миллион куб метр табиий газ тежаш учун тизимли ва манзилли чоралар кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгартирмасдан энергия сарфини камида 10 фоизга камайтириш, тармоқлар ва ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш учун 200 миллион доллар ресурс жалб этиш чоралари белгиланди.
Республика ҳудудларида иссиқлик ва когенерация марказларини қуриш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди. Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан когенерация марказини ташкил этиш ишлари давом эттирилади, Юнусобод тажрибаси асосида ҳудудларда 7 та когенерация марказлари қурилади. Иссиқлик станциялари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида улар учун суюлтирилган газни сақлаш инфратузилмасини барпо этиш масаласини ўрганиб, таклифлар киритиш топширилди.
Йиғилиш якунида Президентимиз стратегик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, магистрал ва тақсимловчи тармоқларни жадал ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берди.
