Энди ўқувчилар мактаб директори розилигисиз Ўзбекистондан чиқиб кетолмаслиги мумкин

Энди ўқувчилар мактаб директори розилигисиз Ўзбекистондан чиқиб кетолмаслиги мумкин

Ўзбекистонда энди ўқувчилар мактаб директори розилигисиз мамлакатдан чиқиб кетолмаслиги мумкин.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг “ ‘Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида’ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳага кўра, ота-оналар фарзанди билан бирга қайси хорижий давлатга кетиш сабабларини ва хорижда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан (ўқув йили давомида) мурожаат этади.

Ариза мактаб директори томонидан (директор бўлмаган вақтда, директор вазифасини вақтинча бажарувчи) бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчи вақтинча хорижий давлатга кетаётгани ҳақида ҳамда синф раҳбари ва фан ўқитувчиларини хабардор қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Директор қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ота-оналарини, яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисини, тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимини ва болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясини ёзма равишда огоҳлантиради ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради:

  • хорижга вақтинча чиқиб кетган ўқувчилар хорижда бўлиш муддати узайтирилганлиги тўғрисида бир ҳафта муддатда мактабни хабардор қилмасдан дарс машғулотларига қатнашмаган ўқувчилар;
  • ота-оналар фарзанди билан хорижга кетиш сабабларини ва у ерда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат этмаганда.

Мактаб директори ҳар йили 25 майга қадар ўқув йили давомида мактабни хабардор қилмасдан хорижий давлатга чиқиб кетиб, камида уч ойдан ортиқ муддатда узлуксиз дарс машғулотларига қатнашмаган (ўқув йили якунланишидан олдин дарсга қатнашган ўқувчилар бундан мустасно) ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига киритади.

Мазкур ўқувчилар болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси розилиги билан ўқувчилар сафидан чиқарилади. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!