Экология, спорт, санъат ва гастрономия: Орол туризм ҳафталиги қандай ўтди?

Экология, спорт, санъат ва гастрономия: Орол туризм ҳафталиги қандай ўтди?

16-19-апрел кунлари Қорақалпоғистонда Орол туризм ҳафталиги бўлиб ўтди.

Нукус ва Мўйноқ вилоятида уч кунлик тадбирлар доирасида “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро конференсияси, Орол денгизи эко-марафони, “Оролнинг 99 хил таоми” гастрономик фестивали, ижодий пленер” “Орол рассомлар нигоҳида” ижодий пленери, Хўжайли туманида кўчат экиш акцияси ҳамда Қорақалпоғистоннинг диққатга сазовор жойларига пресс-тур ташкил этилди.

Ҳафталикнинг биринчи кунида конференсия иштирокчилари Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонлар барпо этишнинг ўрни ва аҳамияти, Оролбўйининг муҳофаза этиладиган ҳудудларида барқарор туризмни ривожлантириш истиқболлари, Орол денгизининг қуйи оқимидаги сув муаммолари ва уларни ҳал этиш йўлларига оид маърузалар билан танишдилар. Шунингдек, тадбирда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новитский Оролбўйи экологиясини тиклаш бўйича амалга оширилган ва режалаштирилган ишлар ҳақида гапирди.

Тадбирнинг иккинчи кунида мамлакатимизнинг бир қанча вилоятларидан келган 200 нафар иштирокчи эко-марафонда қатнашиб, дарахт кўчатлари экишди. Шунингдек, 18 апрель куни Мўйноқ туманида “Оролнинг 99 та таоми” гастрономик фестивали бўлиб ўтди ва унда ҳудудларнинг энг яхши ошпазлари аниқланди.

Тадбирнинг учинчи кунида Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги “Тажриба участкаси” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида “Оролбўйи эзгу ният элчилари” хиёбон ва эко боғи очилиб, 100 туп дарахт кўчатлари экилди.

Маълумот учун, мазкур ўрмон хўжалиги корхонасининг ҳудуди 33 гектар ерни ташкил этади. 2018-йилдан буён бу ерда 1,9 миллион тупдан ортиқ дарахт ва ўсимликлар, жумладан, япон сафораси, олхўри, чинор, бир неча турдаги терак ва бошқа дарахтлар экилган.Ўрмон хўжалигида жами 21 турдаги ўсимликлар бор.

Шунингдек, 16-23 апрель кунлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан “Орол рассомлар нигоҳида” ижодий пленери ташкил этилди, пленер доирасида ёш рассомлар Орол ҳақида расмлар яратишлари ва тажриба алмашишлари учун Қорақалпоғистонга саёҳат уюштирилди. Пленер якунларига кўра, ёш рассомларнинг асарлари кўргазмаси ташкил қилинади.

Бундан ташқари, тадбирлар доирасида ОАВ вакиллари учун Қуйи Амударё биосфера резервати, Қадимий Жампиққалъа қалъаси, Миздахон археология мажмуаси ва Қорақалпоғистон давлат музейларига пресс-тур ташкил этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!