ДИҚҚАТ! Электрон сигареталар таркибида 80 хил заҳарли кимёвий бирикмалар мавжуд
✅ Жорий йил 1 март санасидан бошлаб юртимизда электрон сигареталар муомаласи тақиқланади.
❓Хўш, бунга қандай зарурат бор эди? Бу борада халқаро тажриба қанақа?
👨💻 Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши кураш бўйича консультанти Шуҳрат Шукуров батафсил жавоб берди.
💬 — Сўнгги йилларда анъанавий тамаки маҳсулотларига муқобил саналган электрон сигареталарнинг юртимизга кириб келиши, уларнинг муомаласи тобора ортиб бормоқда, — дейди мутахассис.
📊 2019 йилда мамлакатимиз аҳолиси орасида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 18-69 ёшдаги эркаклар орасида электрон сигареталарни чекиш 0,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 18-29 ёшдаги эркаклар ўртасида икки марта кўп (0,9 фоиз) бўлган. Бугунги кунга келиб эса ушбу кўрсаткич янада ошган. Энг ёмони, бундай салбий ҳолат мактаб ўқувчилари орасида ҳам учрамоқда.
🕯Таъкидлаш лозимки, электрон сигареталар суюқлиги таркибида никотин миқдори одатий сигаретадан камида 66 мартагача кўпроқ бўлиши мумкин ёки 3 та қути сигаретадаги никотин миқдорига тенг. Бундан ташқари, уларда канцероген, заҳарли 80 хил кимёвий бирикмалар ва оғир металлар мавжуд бўлиб, улар инсон соғлиғи ва атроф-муҳитга жиддий хавф туғдиради.
✔️ Хусусан, никотинга қарамлик ўсмирларда мия ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, билим ва қобилият пасаяди, руҳий агрессивлик ва бронх-ўпка яллиғланишига олиб келади. Шунингдек, марказий нерв, ошқозон-ичак тизимлари, буйрак ва жигар функцияси бузилиши, гипертония, инсульт, инфаркт каби юрак-қон томир касалликлари ривожланиш хавфи юқори.
🔎 Кўпгина замонавий электрон сигареталар аэрозолига сариёғ ва сметана ҳиди берувчи диацетил моддаси қўшилади. Ушбу модда нафас олинганда ўпканинг майда ғовак тўқимаси – бронхиолаларнинг беркилишини келтириб чиқариши мумкин. Тиббий амалиётда бундай ҳолат облитерацияловчи бронхиолит (“бодроқсимон ўпка” касаллиги) деб аталади.
🟡 Электрон сигарета чекадиганларда қарамлик одатдаги чекувчиларга нисбатан тезроқ ривожланади. Тадқиқотлар кўрсатишича, ҳам анъанавий тамаки, ҳам электрон сигарета чекувчи ёшларнинг 64 фоизидан ортиғида никотинга қарамлик белгилари кўпроқ намоён бўлади.
🌐 Дунё мамлакатларида электрон сигареталар муомаласини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда турлича ёндашилади. Хусусан, бугунги кунда 37 та давлатда унинг муомаласи тақиқланган. Улар орасида Бразилия, Норвегия, Сингапур, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон бор. Шунингдек, Бельгия, Буюк Британияда бир марталик электрон сигареталарни сотиш ман қилинган.
🔸 Мамлакатимизда ҳам электрон сигареталар муомаласининг тақиқланиши, аҳоли, айниқса ёшлар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим қадам бўлади.
‼️ Агар бу борада кескин чоралар кўрилмас экан, бундай маҳсулотларни чекувчи ёшлар кейинчалик уч марта кўп оддий сигарета чекишга ўтадилар.
