CОP29: Ўзбекистон павильони хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 198 мамлакатдан 50 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси (CОP29) бошланди.
Ушбу муҳим воқеа иқлим ўзгаришининг энг жиддий оқибатларининг олдини олиш бўйича халқаро иқлим мажбуриятларини келишиш ва чора-тадбирларни муҳокама қилиш учун энг муҳим платформага айланди. CОP29да асосий эътибор молиявий масалаларга қаратилади, чунки иштирокчи мамлакатлар учун иссиқхона газлари эмиссиясини сезиларли даражада камайтириш ва инсонларнинг ҳаёти ҳамда турмуш даражасини иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган таъсиридан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган сармоя билан таъминлаш жуда муҳимдир.
Боку Олимпия стадионининг кўк зонасида бўлиб ўтган конференция доирасида 150 та давлат ва ташкилотлар ўзларининг тематик павильонларини тақдим этдилар, улардан 70 дан ортиғи конвенция иштирокчиларининг миллий павильонлари бўлди.
Кўргазмалар марказининг марказий қисмида жойлашган Ўзбекистон Миллий павильонига тадбирнинг биринчи кунида 1000 дан ортиқ делегат ташриф буюрди. Юқори мартабали меҳмонлар орасида Озарбайжон жамоат арбоби Лейла Алиева, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Бош директори ўринбосари Виорелл Гутсу, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Насинбаев, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) вакиллари иштирок этдилар.
Барқарор, анъанавий материаллар ва мамлакат иқлимига мослаштирилган усуллардан фойдаланган ҳолда қурилган «Ўзбекистон» павильони анъанавий нақш ва сувоқ, айвон ва тапчан каби элементларни ўзида акс эттиради. Улар биргаликда табиатга ғамхўрлик қилиш, оилавий анъаналар ва ўзбек хонадонидаги фаровонлик каби маданий қадриятларни мужассамлаштирган.
Павильон ҳурматли меҳмонлар ва делегатларда катта таассурот қолдирди. Хусусан, Лейла Алиева павильонда намойиш этилган маданий мерос ва экологик ютуқларга алоҳида қизиқиш билдирди. Орол фожиаси кўлами ва унинг қуриган тубида олиб борилган ўрмонларни қайта тиклаш ишлари унда катта таассурот қолдирди.
Ўз навбатида, Қ.Омуралиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ТДТ мамлакатлари Экологик кенгашини тузиш ташаббусини алоҳида таъкидлади ва Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича масъул вазирларнинг биринчи йиғилишини ўтказишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистоннинг CОP29 даги иштироки мамлакатнинг иқлим бўйича глобал мақсадларга содиқлигини ва халқаро ҳамкорликка тайёрлигини кўрсатди. Павильон нафақат муҳим экологик муаммоларни муҳокама қилиш, балки иқлим ўзгаришига қарши курашда минтақа халқларини бирлаштирувчи тажриба ва маданий қадриятлар алмашиш масканига айланди.