«Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси доирасида Бўстонлиқ туманини комплекс ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди
2022 йил 1 февраль куни Туризм ва спорт вазирлигида Бўстонлиқ туманини комплекс ривожлантириш лойиҳаси тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Туризм ва спорт вазири, «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси директори Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Матбуот анжуманида «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси директорининг биринчи ўринбосари Азиз Нагаев, дирекция ўринбосарлари Мансур Рахматуллаев, Суна Парк, «АРC» архитектура бюроси раҳбари ҳамда лойиҳа архитектори Бобир Кличев, ОАВ вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Тадбирга нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов қуйидагиларни алоҳида таъкидлади:
“Бўстонлиқ тумани юқори туристик, табиий ва рекреацион салоҳиятни ўзида жамлаган. Уни тўғри ривожлантириш ўзи билан бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий, экологик ва инвестицион ўзгаришларни олиб келади. Давлат раҳбари ва Ҳукумат томонидан Бўстонлиқ туманини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан, «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 августдаги ПФ-6053-сонли Фармони, шунингдек «Чорвоқ» туристик рекреацион зонасини ташкил этиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5273-сонли Фармони қабул қилинган.
Лойиҳани яратишда асосий эътибор Бўстонлоқнинг ноёб табиий салоҳиятини сақлашга қаратилган. Шу сабаб «Чорвоқ дарвозаси» ва «Юсуфхона» ҳудудларида экокаркас ва жамоат жойларининг барқарор тизимини яратиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, анъанавий меъморчиликка ҳам алоҳида эътибор берилган. Худди шундай, «Чорвоқ дарвозаси: Жанубий Хўжакент» ҳудудида анъанавий тоғ қишлоғининг замонавий қиёфаси яратилади”.
Президент қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда Бўстонлиқ туманини комплекс ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Олиб борилаётган ишлар доирасида Чорвоқ ТРЗ таркибидаги дастлабки икки ҳудуд: «Чорвоқ дарвозаси: Жанубий Хўжакент» ва «Юсуфхона» мажмуаларининг мастер-режалари ва ривожлантириш концепциялари ишлаб чиқилди. Ҳудудларни лойиҳалаштириш ва архитектура ечимлари «Новая Земля» (Россия Федерацияси) лойиҳа-консультация консорциуми ҳамда «АРC» архитектура бюроси томонидан амалга оширилди. Шунингдек, «ТошбошпланЛИТИ» институти ДУК мастер-режаларни батафсил режалаштириш лойиҳаларига мослаштириш қисмида иштирок этди.
Лойиҳанинг меъморий ечимлари муаллифи ва «АРC» архитектура бюроси раҳбари Бобир Кличев:
«Чорвоқ дарвозаси» лойиҳаси ҳудуди учун архитектура ечимларини яратишда биз, биринчи навбатда, минтақамизнинг анъанавий тоғ меъморчилиги, яъни, табиатга ва тоғли ҳудуднинг табиий рельефига бўлган ҳурмат, сомон сувоқ, ёғоч, тош каби табиий материаллардан фойдаланган ҳолда пардоз бериш каби маданий-тарихий элементларни акс эттириш мақсад қилинган. Хулоса ўрнида, асосий ғоя - зич бинолар билан ўралган, кам қаватли ва айвони бўлган анъанавий тоғ қишлоғи қиёфасини қайта тиклаш. Юсуфхона ҳудуди нисбатан замонавийроқ кўринишга эга бўлиши, шу билан бирга, табиатга ва табиий рельефга бўлган ҳурмат сақланиб қолиши кўзда тутилган".
«Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси директори ўринбосари Суна Парк:
«Биз Бўстонлиқни биринчи навбатда инсонга қаратилган очиқ, ҳар бир ташриф буюрувчи имконияти доирасида ва одамлар учун қулай бўлган ҳудуд сифатида кўрамиз. Бўстонлиқда маҳаллий туристларнинг оқими кўп бўлишига қарамай, кам сонли инсонларгина бу жойнинг гўзаллиги, бой табиати, маданияти ва ноёб тарихий жиҳатларини ўзлари учун кашф қилиш имкониятига эгадирлар. Шу боис, биз қулай транспорт тизимидан бошлаб, боғлар ва велойўлакчаларгача бўлган энг қулай дам олиши шароитларини яратишни мақсад қилганмиз. Бу борада Дирекция томонидан экотуризм, табиий ва рекреацион ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳасидаги халқаро тажриба батафсил ўрганилган, шунингдек, жамоат жойлари тизимини яратишда Татаристон Республикаси тажрибаси қўлланилган».
«Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан Бўстонлиқ тумани ҳудудида чиқиндиларни барқарор бошқариш ва экологик маданиятни ошириш тизимини жорий этиш дастури ишлаб чиқилган. Дастур дам олувчиларнинг экологик маданиятни оширишга қаратилган инфратузилма ечимлари ва тадбирларининг бир бутун мажмуини ўз ичига олади. Шундай қилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни, жумладан, етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатиш қамровини ошириш кўзда тутилган. Чиқинди қутилари ва ахборий-маърифий ижтимоий реклама, тақиқловчи ва маълумот берувчи белгиларни ўрнатиш бўйича алгоритм ишлаб чиқилган. Экологик маданиятни ошириш ҳамда қулай ва ҳамёнбоп дам олиш шароитларини яратиш мақсадида жамоат пикник зоналари лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бундай зоналарнинг дастлабки варианти шу йил баҳор мавсумида очилиши режалаштирилган.
Лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда маҳаллий аҳоли, жамоатчилик вакиллари ва Бўстонлиқ тумани тақдирига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фаол жалб этилиши ҳамда уларнинг иштироки таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади. Лойиҳа доирасида «Бўстонлиқ элчилари» дастури тузилган бўлиб, кенг жамоатчилик иштирокидаги бир қатор йирик тадбирлар ва кампаниялар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, матбуот анжумани давомида Франция ҳукуматининг молиявий кўмаги билан амалга оширилган халқаро тўлиқ мавсумий курорт таркибидаги «Чимён» дам олиш маскани лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Маълумот учун:
Сўнгги бир неча йил давомида туман бир қатор муаммоларга дуч келди. Жумладан, тартибсиз қурилиш, меҳмонхоналарда турли нарх сегментлари бўйича жойлашиш имкониятининг йўқлиги, мавжуд инфратузилманинг талабга жавоб бермаслиги, экологик деградация ва дам олувчиларнинг экологик маданиятининг у етарли даражада юқори эмаслиги аниқланган.
