Бухорода президентнинг фармонидан ғаразли мақсадда фойдаланган жиноятчига ҳукм ўқилди

Бухорода президентнинг фармонидан ғаразли мақсадда фойдаланган жиноятчига ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг очиқ суд мажлисида, судланувчи И.Комиловга нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга нисбатан тегишли ҳукм ва жазо тайинланди.

Иш ҳолатига кўра судланувчи И.Комилов 2016 йилдан 2018 йилга қадар АТ Халқ банки Вобкент филиали бошқарувчиси вазифасида ишлаб келган. У унга берилган ваколатлардан ўзининг ғараз ниятларини рўёбга чиқариш мақсадида қасддан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2018 йилдаги Ҳар бир оила тадбиркор Дастурини амалга ошириш тўғрисида ги ПФ-3777-сонли Фармони асосида фуқароларга ажратилган имтиёзли микрокредит маблағларини SEWING MACHINES TRADING МЧЖнинг Бухоро вилоятидаги диллери ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркор А.Аббасовнинг манфаатини кўзлаб, жамиятнинг банкдаги ҳисоб ракамига ўтказиб берганлиги ва келгусида ажратиладиган микрокредит маблағларини ҳеч қандай тўсиқларсиз ва қисқа муддатларда жамиятнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш эвазига таъмагирлик йўли билан 4000 АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилиб, 2018 йил 8 октябрь куни соат 15:20да ўзининг хизмат хонасида А.Н.Аббасовдан талаб қилинган 4000 АҚШ долларидан 800 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида, жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд мажлисида судланувчи томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг шахси, ижтимоий аҳволи ва оилавий шароити, 3 нафар фарзанди борлиги, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атвори ҳамда жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми в банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасига асосан 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!