Британия қишлоқ хўжалигига Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этилади

Британия қишлоқ хўжалигига Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этилади

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси вакиллари ва британиялик иш берувчилар иштирокида гибрид форматда учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Мулоқот давомида 2023 йилда Британия ҳукумати томонидан мавсумий хорижий меҳнат мигрантлари учун ажратилган 45 мингта квота доирасида Ўзбекистондан ишчи кучини жалб этиш, меҳнат муҳожирларига яратиладиган шарт-шароитлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари юзасидан фикр алмашилди.

Британия Иш берувчилар ассоциацияси раҳбари Дэвид Кэмп бу соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш икки томон учун манфаатли бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирги кунда Британияда ишчи кучига бўлган эҳтиёж ошиб бораётгани сабабли ҳукумат томонидан ажратилган квота доирасида Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш имконияти мавжуд. Бу борада Британиянинг рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш керак.

Сoncordia компанияси директори Симон Бовйер, ўз навбатида, 2021-2022 йиллар давомида мазкур йўналишда Ўзбекистон билан амалга оширилган самарали ҳамкорлик натижасида 2023 йилда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини иш билан таъминлашга тайёрлигини айтди.

Учрашув якунида мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, икки томонлама меморандум лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!