Boeing минглаб ходимларини мажбурий таътилга юбормоқда

Boeing минглаб ходимларини мажбурий таътилга юбормоқда

АҚШдаги Boeing авиакорпорацияси ишчилари маошидан норозилик билдириб, иш ташлаш бошлагани тўғрисида хабар берилганди. U.S. News’нинг ёзишича, компания Вашингтон ва Орегон штатларидаги минглаб ходимларини мажбурий таътилга юборишни бошлаган.

Манбаларга кўра, Boeing ва унинг энг йирик касаба уюшмаси ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани боис, Халқаро машинасозлар ва аэрокосмик ишчилар ассоциациясининг намойиш ўтказаётган ишчиларига жорий ҳафтада сўнгги маошлари тўлаб берилган.

Музокара иштирокчилари Boeing ва касаба уюшмалари яна келишиб олишига бирор белги кўринмагани боис ҳар икки томон узоқ муддатли иш ташлашларга тайёргарлик кўришнинг кейинги қадамларини қўйган.

Boeing бош директори Келли Ортбергнинг маълум қилишича, музокаралар бирор натижа келтирмаган бўлса-да, компания аввалгидек «тезроқ муросага келишни тўлиқ қўллаб-қувватлайди».

Ортбергнинг сўзларига кўра, Boeing 777 ва 767 самолётларининг ишлаб чиқарилишини тўхтатиб қўйган иш ташлашларга барҳам бериш ҳозирда устувор вазифага айланган. Жорий ҳафта Ортберг ўз ходимларига компания АҚШдаги иш ташлашда иштирок этмаётган айрим ходимларини вақтинчалик мажбурий таътилга юборишини билдирган.

Ходимларнинг оммавий таътилга чиқариб юборилиши компания узоқ муддатли иш ташлаш жараёнига тайёргарлик кўраётганидан далолат беради. Чунки иш ҳақини 40 фоизга оширишни ва иш унумдорлиги учун тўланадиган мукофот пулларини қайта тиклашни талаб қилаётган ишчилар билан муросага келиш осон бўлмайди.

Бу Boeing ишчиларининг 2008 йилдан буён биринчи иш ташлашидир. Давомийлигига қараб, у Boeing компаниясининг қарийб 10 минг таъминотчиси учун ҳам муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Компаниянинг ўзи эса 3,5 миллиард долларгача зарар кўриши эҳтимоли бор.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!