БМТ Ўзбекистон ташаббуси билан ўрмонларни қайта тиклаш ва ер деградациясига қарши кураш бўйича резолюцияни қабул қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан «Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими» резолюциясини бир овоздан қабул қилди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган, республикани кўкаламзорлаштиришга қаратилган «Яшил Макон» умуммиллий лойиҳаси концепциясига асосланади. Резолюцияда давлатимиз раҳбарининг Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида билдирилган иқлим ўзгариши ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш борасидаги асосий таклифлари ўз ифодасини топган.
«Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи минтақасини »яшил ҳудуд«га айлантириш, чўлланишнинг олдини олиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Президентимиз томонидан билдирилган таклифларда айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилган, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Бу таклифларнинг халқаро даражада эътиборга олиниб, алоҳида резолюция қабул қилиниши биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Ушбу резолюция долзарб экологик муаммоларни ҳал қилиш учун юртимизга турли грантлар, илғор техника воситалари, тажрибалар олимларни жалб этиш, йирик фондлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга имкон беради».
Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Бельгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғилистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.
Қайд этиш жоизки, резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик афзалликлари ҳар томонлама қайд этилган. Уларнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси, жумладан, камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади.